Хитой Америкага қарши чоралар кўриш билан таҳдид солди

19:05 | 3 дақиқада ўқилади.

Пекин Вашингтонни Хитой маҳсулотларига нисбатан савдо чекловларини жорий этишнинг «нотўғри амалиёти»дан воз кечишга чақирди. ХХР Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Лин Цзян шундай баёнот берганини Коммерсант нашриёти хабар қилмоқда.

China vs usa

«Алоҳида таъкидламоқчиманки, сўнгги пайтларда АҚШ Хитойга нисбатан мунтазам равишда чекловлар ва санкциялар жорий этиб, мамлакатимиз манфаатларига жиддий зарар етказмоқда. Агар Америка томони бундай сиёсатни давом эттирса, Хитой ўзининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қатъий равишда тегишли чоралар кўради», – деди Цзян матбуот анжуманида.

9 октябр куни Хитой ҳукумати нодир ер металларини қазиб олиш, эритиш ва ажратиш, магнит материаллар ишлаб чиқариш, шунингдек, иккиламчи хом-ашёни қайта ишлашда қўлланиладиган технологияларни чет элга олиб чиқишни назорат қилиш тизими жорий этилганини маълум қилди. Бундан ташқари, тегишли ишлаб чиқариш линияларини ўрнатиш, созлаш, уларга хизмат кўрсатиш ва модернизация қилишда фойдаланиладиган технологиялар ҳам тақиқланган рўйхатга киритилди.

Эртаси куни АҚШ президенти Доналд Трамп Пекиннинг «ғоят тажовузкор позицияси»га жавобан Хитой товарларига божхона тўловларини 100 фоизгача ошириш ва дастурий таъминот экспортига чекловлар киритиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди. У шу тарзда Хитой ҳукуматининг нодир ер элементлари билан боғлиқ технологиялар экспортини чеклаш қарорига муносабат билдирди.

Трамп Пекин сиёсатини «ахлоқий шармандалик» деб атади. Унинг фармойишига кўра, 100 фоиз миқдоридаги янги божхона тўловлари 1 ноябрдан кучга киради. Ушбу чоралар амалга оширилган тақдирда, Хитой товарларига нисбатан АҚШ тарифларининг умумий юки 130 фоизга етиши мумкин.