«Ўзбекистон почтаси» АЖ хусусийлаштирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди
«Ўзбекистон почтаси» АЖ хусусийлаштирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди. Компаниянинг маълум қилишича, хусусийлаштириш ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, ҳозирча фақат почта инфратузилмасини янгилаш ва рақамли ечимлар жорий этиш учун инвестиция жалб қилиш имкониятлари ўрганилмоқда.
Маълумот учун, «Ўзбекистон почтаси» акциядорлари орасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда минглаб юридик ва жисмоний шахслар бор. Компания таъкидлашича, йирик инвестор иштирокини кўзда тутувчи қарор қабул қилинса, бу ҳақда расман эълон қилинади.
Ўзбекистонда мева-сабзавот экспорти учун минимал нархлар бекор қилинди
Ўзбекистонда мева-сабзавот экспортида минимал нарх белгилаш амалиёти бекор қилинди. Президентнинг 8 октябрдаги 181-сон фармонига кўра, энди бу талаб фақат тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электр жиҳозларигагина татбиқ этилади. Қарор экспорт жараёнларини эркинлаштириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.
Фармон билан қишлоқ хўжалиги соҳасига қатор имтиёзлар ҳам жорий этилди: дуккакли экинларни йиғиш техникаси қийматининг 15 фоизи давлат томонидан қопланади, кредит ва лизинг ставкалари 10 фоизгача субсидияланади. Шунингдек, иссиқхоналар табиий газ билан кафолатли таъминланиб, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
«Ерусти ҳалқа йўли» метро йўналиши 1 ноябрдан ҳаракатланади
«Технопарк – Қипчоқ» бекатлари оралиғида 14 та бекатда ҳаракат вақтинча тўхтатилган эди. Бу қарор режали профилактика ишларини амалга ошириш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Халқаро амалиётга кўра, метро тизимларида маълум муддат фойдаланилгандан кейин текширув ва таъмирлаш ишларини ўтказиш зарур ҳисобланади.
Режали ишлар доирасида йўл ҳолати тўғриланди, носоз шпаллар алмаштирилди, дренаж тизими кўрикдан ўтказилди ҳамда шағаллар текширилди. Мазкур ишлар транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Дастлаб йўналиш 18 октябрда очилиши мумкинлиги айтилган эди. Бироқ, синов жараёнларини такомиллаштириш ва поездлар ҳаракатини тезлаштириш мақсадида очилиш санаси 1 ноябрга кўчирилди. Ҳозирда поездлар синов тариқасида, йўловчиларсиз ҳаракатланмоқда.
«UzAuto Motors» янги «Damas» ва «Cobalt» моделларини ишлаб чиқаришни бошлайди
«UzAuto Motors» «Damas» ва «Cobalt» автомобилларининг янги авлодини ишлаб чиқара бошлади. Янги сериялар амалдаги моделлар билан бирга ишлаб чиқарилиб, харидорларга танлов имконини кенгайтиради. «Damas»нинг «Move» ва «Max» номли янги версиялари каттароқ ўлчам, юқори сиғим ва қулайлик даражаси билан ажралиб туради.
«Cobalt» моделлари ҳам янгиланиб, «Style MCM» ва «Midnight MCM» вариантларида тақдим этилди. Улар 12 та янги функция, сенсорли мультимедиа тизими, круиз-контроль, эко-чарм ўриндиқлар ва янгиланган ABS тизими билан жиҳозланди. Компаниянинг маълумотича, кейинги босқичда «Cobalt» ташқи кўринишида фейслифт янгиланиши режалаштирилган, нарх ва сотув санаси эса кейинроқ маълум қилинади.
Тошкентда «ақлли» тизимлар бор, лекин «ақлли бошқарув» йўқ — Kept
Kept консалтинг компанияси тақдим этган «ақлли шаҳарлар» рейтингида Тошкент «ривожланиш салоҳияти»га эга шаҳарлар қаторига кирди, аммо умумий баҳолашда 50 баллдан кам тўплаб, ўрта тоифага кирмади. Энг паст кўрсаткич «ақлли бизнес ва бандлик» йўналишида қайд этилди — 40,4 балл, бу меҳнат бозори ва рақамли хизматларнинг етарлича ривожланмагани билан изоҳланди.
Рейтингда шаҳарнинг яшил ҳудудлари етишмаслиги, ҳаво ифлосланиши ва транспорт тизимидаги муаммолар ҳам таъкидланган. Шу билан бирга, Тошкент электромобиллар сони бўйича МДҲда етакчи ҳисобланиб, «ақлли ёритиш» ва «ақлли ҳисоблагичлар» тизимларини кенг жорий этган. Kept мутахассислари пойтахтга рақамли бошқарув ва барқарор ривожланиш дастурларини кучайтиришни тавсия этди.