Бугун, 13 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда бўлиб турган Бирлашган кураш дунёси раҳбари Ненад Лаловични қабул қилиб, уни «Дўстлик» ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу нуфузли глобал тузилма билан Ўзбекистонда спортнинг яккакураш турларини ташкилий-эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва янада оммалаштириш соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
«Мамлакатимизда анъанавий тарзда юнон-рум кураши, эркин кураш, аёллар кураши, шунингдек, аралаш жанг санъатлари фаол ривожланмоқда», дейилади хабарда.
Кейинги йилларда ўзбекистонлик яккакурашчилар нуфузли мусобақаларда 45 та юксак совринни, жумладан, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатида олтин медалларни қўлга киритган.
Музокаралар чоғида халқаро бирлашма раҳбари Янги Ўзбекистонда оммавий спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, жумладан, ҳаммабоп ва замонавий инфратузилмани кенгайтириш, нуфузли турнир ва мусобақаларни мунтазам ўтказиш орқали ёшларни спорт ҳаракатига кенг жалб этиш борасидаги ишларни юқори баҳолаган.
«Мамлакатимизда йирик қитъа ва жаҳон чемпионатларини ташкил этиш, ташкилот шафелигида Минтақавий кураш академиясини таъсис этиш, спорт тиббиёти, диетологияси, психологияси ва бошқа устувор йўналишларда шериклик масалалари муҳокама қилинди», – дейилади хабарда.
Президент болалар ва ёшлар ўртасида спорт яккакурашларини оммалаштириш, иқтидорларни саралаш ва тайёрлашнинг замонавий усулларини жорий этиш, маҳаллалардаги тўгарак ва заллардан тортиб спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослашган мажмуаларгача бўлган инфратузилмани такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлаган. Бу чора-тадбирлар, давлат раҳбари таъкидлаганидек, Олимпия ўйинлари ва бошқа йирик мусобақаларда янги муваффақиятларга олиб келиши керак.
Учрашув якунида Ўзбекистон президенти оммавий спорт ва яккакураш турларини ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун Ненад Лаловичга Ўзбекистоннинг юксак мукофоти – «Дўстлик» орденини топширган.