Ўзбекистон павилёни Осака EXPO–2025 кўргазмасида олтин медални қўлга киритди

08:22 | 3 дақиқада ўқилади.

Осакадаги «EXPO 2025 Osaka, Kansai» халқаро кўргазмаси якунларида Ўзбекистон павилёни «Мавзунинг энг яхши очиб берилиши» номинациясида нуфузли «BIE» олтин медали билан тақдирланди.

Kansai

2025 йил 12 октябрь куни Япониянинг Осака шаҳридаги «Shining Hat» Экспо-ҳоллида «EXPO 2025 Osaka, Kansai» кўргазмасининг ёпилиш маросими ва Бутунжаҳон кўргазмалар бюроси — BIE мукофотларини топшириш тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон павилёни ўз тоифасидаги энг олий мукофот — «Мавзунинг энг яхши очиб берилиши» номинациясида олтин медалга сазовор бўлди.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон павильони 1500 м² гача бўлган павилёнлар орасида илғор деб топилди. Қарор 21 май куни павилён фаолияти билан танишган тўққиз нафар халқаро экспертдан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан қабул қилинган.

Мукофотлар беш тоифадаги павилёнлар ўртасида учта асосий йўналиш — «Архитектура ва ландшафт», «Кўргазма дизайни» ва «Мавзунинг энг яхши очиб берилиши» бўйича тақдим этилди. Ўзбекистон павильони «Билимлар боғи: келажакдаги жамият учун лаборатория» концепцияси билан ҳакамлар ва томошабинлар эътиборини қозонди.

«Биз тақдим этган ғояда анъаналар ва инновациялар уйғунлиги мужассам. Бу ғоя жаҳон ҳамжамиятида кенг акс-садо берди», — деди Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева.

У ўз нутқида жамоа аъзолари ва халқаро ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

Маълумот учун, BIE мукофоти 1928 йилда таъсис этилган бўлиб, EXPO доирасидаги энг илғор ва илҳомлантирувчи лойиҳаларни эътироф этиш учун берилади. У иштирокчи давлатларнинг инновацион ғоялари, замонавий технологиялари ва маданий меросини намоён этган энг яхши павилёнларни тақдирлайди.