Россияда 2025 йил 5 февралдан бошлаб миграция қоидаларини бузган хорижликлар махсус реестрга киритила бошланди. Давлат думаси раиси Вячеслав Володиннинг таъкидлашича, 1 сентябр ҳолатига кўра, ИИВ назоратидаги шахслар сони 770 минг нафарга етган. Улар орасида аёллар ва болалар ҳам мавжуд.
Володиннинг сўзларига кўра, ушбу шахсларга нисбатан «чиқариб юбориш режими» амал қилади. Ушбу тизим миграция тартибини бузган фуқароларни мамлакатдан чиқариш ва Россия ҳудудида қонуний равишда яшашга рухсат олмаганларни назорат қилишни кўзда тутади.
Жорий йилнинг саккиз ойи давомида Федерал суд ижрочилари хизмати қарийб 35 минг хорижликни миграция қонунчилигини бузгани учун мамлакатдан чиқарган.
Рўйхатга киритилган шахслар қатор чекловларга дуч келади. Улар ҳайдовчилик гувоҳномаси ололмайди, транспорт бошқара олмайди, кўчмас мулк ёки автомобил харид қилиши ёки сотиши мумкинмас, никоҳ туза олмайди ҳамда банк ҳисоб рақами очиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Вячелав Володиннинг таъкидлашича, Россияда бўлиш мақомини қонунийлаштирмаган ҳар бир фуқаро кетиш санаси ва йўналишини расман маълум қилиб, мамлакатни тарк этиши керак. Акс ҳолда, улар жарима ва мажбурий депортация чораларига дуч келади. Бундай ҳолда мигрантнинг Россияга қайта кириши камида беш йилга тақиқланади.
Унга кўра, янги тизим миграция соҳасида тартиб ўрнатиш ва чет эл фуқаролари томонидан қонунларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган.