Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Буюк Британияга хизмат сафари доирасида Лондонда «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида бўлиб ўтди. Унда Президентнинг «Президентнинг иқтидорли болалар ташаббуси»га оид фармони мазмуни ва мамлакатда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган янги имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мазкур мулоқотдан ташқари, вазир Британиянинг қатор нуфузли таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлари вакиллари билан музокаралар ўтказди. Учрашувларда асосий эътибор хорижий мутахассисларни Ўзбекистон мактабларида фаолият юритишга жалб қилиш масаласига қаратилди.
Ушбу музокаралар натижасида Халқаро «Volunteers Services Overseas» (VSO) ташкилоти билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Келишувга кўра, яқин вақт ичида Буюк Британиядан 500 нафарга яқин юқори малакали ўқитувчи ва волонтёрлар Ўзбекистондаги мактабларда иш бошлаши режалаштирилмоқда.
Бу қадам мамлакатда таълим сифатини ошириш, замонавий педагогик усулларни татбиқ қилиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, мазкур лойиҳа маҳаллий ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва ўқувчиларнинг билим олиш муҳитини яхшилашга хизмат қилади.