Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, 13 октябр куни Тошкент шаҳрида 202 та янги Yutong электробуси ва 102 та заряд станциясини қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Электробуслар Хитойдан етказилган бўлиб, уларнинг ишлаб чиқарувчиси томонидан уч йиллик кафолат берилган.
Вазирлик таъкидлашича, экологик тоза электробуслар пойтахтдаги атмосфера ҳолатини яхшилашга ва жамоат транспорти тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшади. Янгиланган автобус парки туфайли ҳавога чиқадиган зарарли моддалар ҳажми ҳар ой 93,3 тоннага камайган.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, 2030 йилгача Тошкентдаги жамоат транспортида электробуслар улуши 50 фоизга етказилиши режалаштирилган. Янги Yutong автобуслари енгиллаштирилган корпус ва юқори сиғимли аккумуляторлар билан жиҳозланган бўлиб, улар тез орада пойтахтнинг 34 йўналишида ҳаракатни бошлайди.
Ишлаб чиқарувчи завод бонус сифатида иккита қўшимча автобус ва иккита заряд ускунаси юборган. Электробуслар уч йил ичида техник носозлик юз берса, завод кафолати асосида таъмирланади.
Тошкент шаҳар транспорт тизимини модернизация қилиш доирасида 2026 йилда яна 1000 та янги автобус сотиб олиниши режалаштирилган. Улар орасида 30 та 18 метрли йирик автобус, 500 та 12 метрли катта автобус ва 470 та 9 метрли ўрта сиғимли автобус ҳамда электробус бўлади. Янги техника 48 та йўналишда ҳаракат қилади ва улар учун «Янги Тошкент» ҳудудида учта автопарк ташкил этилади.