Профилактика инспекторининг уйидаги гиёҳвандлик лабораторияси фош этилди

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкентда ички ишлар инспектори ўз хизмат хонадонида яширин нарколаборатория ташкил этганини аниқлади. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди ва тергов ишлари бошланди.

Dori

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори ўз хизмат хонадонида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш билан шуғулланган.

Кузатув асосида ўтказилган тезкор тадбирда хизмат хонасида нарколаборатория фаолияти йўлга қўйилгани аниқланди. Текширув жараёнида умумий оғирлиги 10 килограмм 500 грамм «Alfa-PVP» ва 4 грамм «Spays» синтетик моддалари, шунингдек, 588 грамм суюқлик, электрон тарозилар ва лаборатория асбоб-ускуналари топилган. Барча нарсалар ашёвий далил сифатида олинди.

Тергов жараёнида инспекторнинг Тошкент вилояти, Тошкент туманидаги яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилди. У ерда ерга кўмиб қўйилган 430 граммга яқин «Alfa-PVP» моддаси топилди.

Маълум бўлишича, ички ишлар ходими Telegram орқали фаолият юритувчи наркосавдо профили эгаси билан боғланган ҳолда иш юритган. У контрабанда йўли билан мамлакатга кириб келган моддаларни қабул қилиб, яширин лабораторияда қайта ишлаб тарқатган.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 28, 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ва 25, 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва тарқатиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Қонунга кўра, гиёҳванд моддаларни кўп миқдорда тарқатиш 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.