Саида Мирзиёева Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти билан учрашди

12:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо билан учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.

Saida

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати ва мамлакат фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлари туфайли Ўзбекистон ва ЕТТБ муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Банк кўмагида ирригация ва «яшил иқтисодиёт» соҳаларида амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Саида Мирзиёева «Women in Business» ва «Youth in Business» дастурлари орқали кўплаб хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг ҳаётида ижобий ўзгаришлар рўй бераётганини таъкидлади. Шунингдек, Қорақалпоғистонда барқарор ривожланишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги ҳамкорлик ҳам юксак баҳоланди.

Учрашувда Марказий Осиё давлатларининг яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатлари натижасида минтақада ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди.

«Ишончим комилки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шериклик нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақанинг барқарор ривожига хизмат қилади», — деди Саида Мирзиёева.