Урбанист Ҳусан Муқимов шу мавзудаги мақолада келтирилган асосий фикрлар билан бўлишди.
«Халқаро энергия ташкилотининг маълумотларига кўра, 2024 йил давомида дунё бўйича бор-йўғи олтита янги атом реактори ишга туширилган бўлиб, улар умумий ҳисобда 6,8 GW қувват берган. Бироқ эски станциялар ёпилгани сабабли, соф ўсиш атиги 3,9 GWни ташкил этган.
Солиштириш учун: фақатгина Хитой шу йилнинг ўзида 277 GW қуёш энергияси қувватини қўшган — бу бутун дунёдаги атом энергетикаси ўсишидан деярли 70 баробар кўп.
Мақолада таъкидланишича, атом энергиясининг рақобатбардошлигини йўқотишининг асосий сабаби — пул ва вақт. Янги атом станциясини қуриш учун 10–15 йил талаб этилади, лойиҳа қиймати эса миллиардлаб еврони ташкил қилади. Бундан ташқари, молиявий хатарлар ҳам катта: кечикиш ёки хатолар лойиҳа нархини бир неча марта ошириши мумкин.
Шу билан бирга, қуёш ва шамол энергияси станциялари бир неча ойда қурилади, уларнинг нархи тез тушмоқда ва сармоя жалб этиш ҳам осонлашмоқда.
Қизиғи шундаки, арзон, қулай ва замонавий ечим сифатида кўрилаётган мини-модулли реакторлар (SMR) ҳам ҳозирча ўзини оқламаяпти. Мисол сифатида АҚШнинг Юта штатидаги UAMPS лойиҳаси келтирилган — у биринчи тижорат мини-реактор бўлиши керак эди, аммо харажатлар кескин ошгани сабаб бекор қилинган.
Прогнозларга кўра, биргина Хитойнинг ўзи 2030 йилга бориб, ўзининг асосий эҳтиёжини фақат қуёш энергияси орқали қоплаш имконига эга бўлади. Шу сабабли Хитой ва Ҳиндистон каби гигант давлатлар қуёш энергиясига катта сармоя киритмоқда».
Аввалроқ Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича жамоат эшитувлари ноябр–декабрда ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик.