14 октябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фермерлар ва ердан фойдаланувчилар ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган янги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжат хусусан, фермерлар ўзлари ижарага олган қишлоқ хўжалиги ерларини энди давлатга қайтармасдан, оила аъзоларидан бирига ўтказиш имконини назарда тутади.
Қонун лойиҳасининг асосий мақсади — хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш ва қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни таъминлашдир. Сўнгги йилларда бу йўналишда кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда, хусусан, мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фермерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилган.
Мажлисда таъкидланишича, айрим ҳолатларда ер ижарасини бошқа шахсга ўтказиш ёки қайта ижарага бериш билан боғлиқ ҳуқуқий бўшлиқлар фермерлар фаолиятини чеклаб келган. Янги ҳужжатда бу амалиётнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилади.
Шунингдек, лойиҳага кўра, товарлар ва хизматлар бозорига ноқонуний аралашиш ёки тўсиқ яратиш учун жавобгарлик белгиланади. Бу орқали иқтисодий фаолият эркинлигини таъминлашга қаратилган тартиб жорий этилади.
Қонуннинг қабул қилиниши хусусий мулк ҳуқуқини янада мустаҳкамлаб, фермерлар ва ер фойдаланувчиларнинг кафолатланган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2025 йил 12 сентябрдаги фармонига кўра, ер ижараси ҳуқуқи фуқаролар учун 30 йилга, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар учун эса 25 йилгача белгиланган эди.