Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 октябр ҳолатига Ўзбекистонда 460,3 мингта фаол корхона ва ташкилот фаолият юритмоқда. Улардан 390,3 мингтаси ёки 84,8 фоизи кичик корхона ва микрофирмалар ҳисобланади.
Ҳудудлар кесимида энг кўп фаол субъектлар Тошкент шаҳрида — 22,9 фоиз, Тошкент вилоятида — 9,7 фоиз, Самарқанд — 8,6 фоиз, Фарғона — 8 фоиз ва Қашқадарё вилояти — 6,4 фоиз улушга эга. Энг юқори тадбиркорлик фаоллиги Тошкент шаҳри (90,4 фоиз), Навоий (88 фоиз), Хоразм (87,3 фоиз) ва Тошкент вилоятларида (87,1 фоиз) қайд этилган.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича етакчиликни савдо соҳаси (32,5 фоиз) сақлаб қолмоқда. Кейинги ўринларда саноат (12,6 фоиз) ҳамда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги (7,2 фоиз) турибди. Ушбу уч сектор мамлакатдаги барча фаол корхоналарнинг ярмидан ортиғини ташкил қилади.
Жами 394,3 мингта тижорат корхонасидан 308 мингтаси (78,1 фоиз) масъулияти чекланган жамиятлар ҳисобланиб, бу шакл ҳозирча энг кенг тарқалган бизнес тузилиши бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони 17 минг 188 тани ташкил этмоқда, шуларнинг 13 минг 54 таси тўлиқ хорижий, 4134 таси эса қўшма корхона.
Сўнгги беш йил ичида бундай корхоналар сони 1,8 баробарга ошган, уларнинг улуши эса 53,7 фоиздан 75,9 фоизгача кўтарилган. Фақат сўнгги бир йилда чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони 2 287 тага кўпайган (15,3 фоиз), асосан савдо, саноат ва қурилиш соҳалари ҳисобига.
Хорижий сармоядорлар орасида етакчи ўринни Хитой (4570 компания, 26,6 фоиз) эгалламоқда. Кейинги ўринларда Россия (18,3 фоиз), Туркия (11,9 фоиз), Қозоғистон (6,8 фоиз), Жанубий Корея (4 фоиз) ва Афғонистон (3,6 фоиз) жойлашган.