Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия фермерлар ҳаракатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун I даражали медаль билан тақдирланди. Бу ҳақда у шахсан ўзининг Telegram-каналида хабар берди. Мукофотни унга Давлат думаси қишлоқ хўжалиги қўмитаси раиси ўринбосари, Россия фермерлар уюшмаси президенти Владимир Плотников Грознийда бўлиб ўтган маросимда топширган.
Қодиров таъкидлашича, у мазкур мукофотни қабул қилишдан «мамнун» бўлган. Плотников эса Чеченистон қишлоқ хўжалиги соҳасида сўнгги йилларда катта ўсиш қайд этилганини, «инновацион технологиялар ва замонавий техникалар» кенг жорий этилаётганини айтган. Маълумот учун, Кадиров 2021 йилда «Қадрли фермер» унвонига ҳам сазовор бўлган.
Бу Украинадаги уруш бошланганидан буён Қодировнинг 36-мукофоти ҳисобланади. Август ойи бошигача у 31 та мукофот олгани ҳақида «Вёрстка» нашри ёзган эди. Кейинчалик у рақамли саводхонликни ривожлантиришдаги хизмати учун, Веденск тумани олдидаги хизматлари учун медаллар, Кавказ мусулмонлари ҳамжамиятидан «Суннат ҳимоячиси» ордени ҳамда Чеченистон Қаҳрамони унвонини иккинчи марта олди. Иккинчи «Олтин юлдуз»ни унга 5 октябр — туғилган кунида топширилган эди.
Кадировнинг уруш давомидаги мукофотлари жамида 13 та жамоат ташкилоти, 10 та давлат идораси, 2 та федерал даражадаги давлат ордени, 3 та минтақавий ва 3 та оккупацион маъмурият мукофотини ўз ичига олади. Улар орасида Курчатов институти ордени (2022 йил май), «Кентавр» белгиси (2024 йил июн), «Александр Невский» ордени ва «Ватан олдидаги хизматлари учун» II даражали орден ҳам бор.
Шунингдек, у Украинадаги оккупация маъмуриятларидан «ЛХР дўстлик ордени», «ЛХР қаҳрамони» медали ва «Мариуполни озод этиш учун» медали билан тақдирланган.
Аввалроқ у 17 ёшли ўғли Адам Қодиров сўнгги икки йилда олган 30 мукофотнинг барчасини адолатли ва муносиб деб атаган эди.