Туркия Исроилга энг кўп маҳсулот экспорт қилган беш давлатдан бирига айланди

17:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Туркия 2024 йилнинг биринчи чорагида Исроилга 1,14 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилиб, унинг асосий савдо ҳамкорларидан бирига айланди. Бироқ, 2 майдан бошлаб барча савдо алоқалари тўхтатилди.

Isroil va turkiya

Al Jazeera маълумотига кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида Туркия Исроилга энг кўп маҳсулот экспорт қилган беш давлат қаторига кирди. Туркия Иқтисодий тадқиқотлар маркази (TİM) маълумотларига кўра, ушбу даврда юртнинг Исроилга умумий экспорти 1,14 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,6% кам бўлса-да, умумий экспортда Исроил улуши 2,06% ни ташкил этди.

Экспорт қилинган асосий товарлар қаторига чўян ва пўлат, цемент, шиша, керамика, тайёр кийим-кечак, электр ва электрон ускуналар, мебель, қоғоз ва ўрмон маҳсулотлари ҳамда автомобил саноати маҳсулотлари киради. Жумладан, март ойида автомобиль саноати 53,8 миллион долларлик экспорт билан етакчи бўлди.

Бироқ, 2024 йил 2 майдан бошлаб Туркия Исроилга нисбатан барча турдаги экспорт ва импорт операцияларини тўхтатди. Бу қарор Исроилнинг Ғазода амалга ошираётган ҳарбий ҳаракатлари ва инсонпарварлик ёрдамларини чеклашига жавобан қабул қилинган.

Туркия Ташқи савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 2 майдан кейин Исроилга ҳеч қандай товар юборилмаган ва ундан ҳам маҳсулот олинмаган. Туркия ҳукумати бу орқали халқаро миқёсда тинчликни таъминлаш ва Ғазодаги инсонпарварлик инқирозини юмшатишга қаратилган ҳаракатларга қўшилишини таъкидламоқда.