«Сочим қани?» — Трамп уни мақтаган Time журналидан ғазабланди

09:00 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти журнал муқовасига жойлаштирилган суратига «энг ёмон сурат» деб таъриф берди.

Trump

АҚШ президенти Доналд Трамп Time журналини унинг Яқин Шарқ тинчлик келишуви ҳақидаги мақоласига илова қилинган муқова сурати учун танқид қилди. Америка раҳбари бу суратни «ҳамма замонларнинг энг ёмони» деб атади.

«Time журнали мен ҳақимда нисбатан яхши мақола ёзди, аммо сурат, эҳтимол, энг ёмони бўлса керак. Улар сочларимни ўчириб ташлашди, кейин бошим устида учиб юрган, худди учиб юрган тожга ўхшаган, лекин жуда кичкина бир нарсани жойлаштирдилар. Ростдан ҳам ғалати!», – деб ёзди Трамп сешанба куни тонгда Truth Social’да.

Шунингдек, у бу тасвирни «эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган энг ёмон сурат» деб таърифлади. Душанба куни «Унинг тантанаси» сарлавҳали Time журнали муқоваси эълон қилинди. Унда Трампнинг пастдан олинган сурати жойлаштирилган: президент гўё ёрқин қуёш нурининг қаршисида тургандай юқорига қараб турмоқда.

Журнал сони нашр «Трампнинг иккинчи муддатидаги эътиборга лойиқ ютуғи» ва Яқин Шарқ учун стратегик бурилиш нуқтаси деб атаган ҳодисага бағишланган: Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги тинчлик келишувининг биринчи босқичи. Келишув натижасида Ғазода ушлаб турилган барча исроиллик асирлар озод қилинди ва Исроилдан 2000 га яқин фаластинлик маҳбуслар қўйиб юборилди.

Трампнинг фикрлари душанба куни Тел-Авив, Қуддус ва Шарм аш-Шайхга ташриф буюрганидан сўнг бир неча соат ўтиб билдирилди. У ерда Ғазо бўйича тинчлик шартномасини имзолаш жараёнини назорат қилди. Бу режани у шахсан илгари сурган бўлиб, Ғазода Исроил томонидан амалга оширилган икки йиллик геноцидни расман якунлади. Трампдан ташқари, сектордаги урушни тўхтатиш бўйича тинчлик шартномасига Қатар, Миср ва Туркия раҳбарлари ҳам имзо қўйдилар.

Америка етакчиси Қатар, Туркия, Саудия Арабистони, Миср ва Иорданияга Ғазода ўт очишни тўхтатиш жараёнига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Яқин Шарқ дипломатиясига ёндашуви учун ҳам танқид қилинган, ҳам мақтовга сазовор бўлган президентнинг Time журнали билан узоқ ва мураккаб тарихи бор. Нашр уни кўпинча муқовага жойлаштирган, баъзан юзсиз, лекин икки марта уни Йил одами деб ҳам атаган.