Байден Трампга миннатдорлик билдирди

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

У ўзи эплолмаган ишни Трамп эплаганини қайд этди.

Biden & trump

АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден Ғазода Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги ярашув келишувига эришишдаги роли учун Доналд Трампга миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Байден Х ижтимоий тармоғида ёзди.

У келишув ниҳоят кучга кирганидан «чуқур миннатдор» эканини ва «енгил тортганини» таъкидлади.

«Бу келишувга эришиш йўли осон бўлмади. Менинг маъмуриятим гаровдагиларни уйларига қайтариш, Фаластин фуқаро аҳолисига ёрдам кўрсатиш ва урушни тугатиш учун тинимсиз меҳнат қилди. Мен президент Трамп ва унинг жамоасига янги тўхтатиш келишувини тузишдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлигимни билдираман» – дея ёзди Байден.

Собиқ президент таъкидлашича, Қўшма Штатлар ва халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши туфайли Яқин Шарқ «тинчлик сари йўл тутмоқда».

13 октябр куни Доналд Трамп ҳамда Миср, Қатар ва Туркия вакиллари Исроил билан ҲАМАС ўртасидаги Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш тўғрисидаги ҳужжатга имзо қўйдилар.

Маросим Миср томонидан уюштирилган халқаро саммит доирасида ўтказилди. Тадбирда бир қатор Европа давлатлари раҳбарлари иштирок этишди.

Бир кун олдин Трамп Ғазодаги уруш расман якунланганини эълон қилди ва жаҳон ҳамжамиятини Россия билан Украина ўртасидаги можарони тугатишга эътибор қаратишга даъват этди.

«Энди Ғазога тинчлик қайтгач, Украинадаги урушни тугатишга эътибор қаратиш пайти келди», – деди у Кнессетдаги нутқида.