Россияда маҳкумлар маоши ўқитувчиларникидан 1,5 баробар юқори бўлиб чиқди

08:42 | 4 дақиқада ўқилади.

Сўнгги олти йил ичида Россияда маҳкумлар иш ҳақи 125 фоизга ошган. Энди улар ўртача 33 минг рубл олади — бу кўп областлардаги ўқитувчилар маошидан анча юқори.

Rossiya mahbuslar

Россияда сўнгги олти йилда маҳкумларнинг иш ҳақи кескин ошди. Россия Савдо-саноат палатаси вице-президенти Елена Дибова маълумотларига кўра, агар 2019 йилда қамоқдаги шахслар ойига ўртача 14,7 минг рубл иш ҳақи олган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 33 минг рублга етган. Шу тариқа маошлар 125 фоизга ошган, бироқ меҳнат унумдорлиги шу даврда фақат 84 фоизга ўсган.

Дибованинг таъкидлашича, ҳозирда Россиянинг турли ҳудудларидаги савдо-саноат палаталари бизнесга Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФСИН) билан ҳамкорлик қилишда ёрдам бермоқда. Бу орқали «минглаб иш ўринлари» яратилган ва жами 800 млн рубллик шартномалар тузилган. Бироқ у қайд этганидек, корхоналар маҳкумларнинг етарли малакага эга эмаслиги ва уларнинг «айланмаси юқори» эканлиги сабабли қийинчиликка дуч келмоқда.

«Ишчи тайёрланганидан кейин у озод этилади ва корхона янгидан тайёрланмаган ходим билан иш бошлашга мажбур бўлади», — деди Дыбова. Шунингдек, корхоналар қиммат ускуналарни колонияларга жойлаштиришни хоҳламаслиги ва ички тартиб-қоидалар сабабли иш жадвалини таъминлаш қийин эканлиги таъкидланган.

Ҳисоб-китобларга кўра, маҳкумлар маоши Россиянинг кўпгина областларидаги ўқитувчилар ойликларидан 1,5 баробар юқори. «Ўқитувчи» касаба уюшмаси маълумотларига кўра, 73 минтақада педагоглар иш ҳақи 22 440 рубллик минимал маош миқдоридан ҳам паст. Ҳатто 70 ҳудудда ўқитувчиларнинг ставкаси 20 минг рублга етмайди.

Россия бўйлаб ўқитувчилар етишмаслиги тахминан 250 минг нафарни ташкил этади, уларнинг учдан бир қисми 50 ёшдан ошган. Айрим мактабларда мутахассис етишмаслиги сабабли дарслар бекор қилинади ёки бошқа фан ўқитувчилари ўтказишга мажбур бўлади. Шу туфайли педагоглар меъёрдан 1,5–2 баробар кўпроқ ишлайди, ёш кадрлар эса паст маош ва ортиқча юклама туфайли соҳага қизиқишни йўқотмоқда.

Аввалроқ hh.uz маълумотларига асосланиб, 2025 йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистон бўйлаб таклиф этилаётган маошлар ўртача 4,36 млн сўмни ташкил этиаётгани ва бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга камайгани ҳақида хабар берган эдик.