Сўнгги беш йилда Ўзбекистон стартап бозори 13 баробар ўсган

13:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ўсиш суръати бўйича ҳатто Кремний водийсини ҳам ортда қолдирди. Мамлакатнинг стартап-экосистемаси қиймати эса 3,9 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Startup

Халқаро Dealroom.co платформаси маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон стартап-экосистемаси қиймати 13 баробар ошиб, 3,9 миллиард долларга етган. Бу кўрсаткич Туркия, Литва, Ҳиндистон ва Кремний водийси каби мамлакатлардан юқори ўсиш динамикасини намоён этди. Мамлакат жаҳондаги энг тез ривожланаётган стартап бозорларидан бири сифатида қайд этилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда турли босқичдаги технология компаниялар тизими шаклланмоқда — янги стартаплардан тортиб миллиард долларлик йирик компанияларгача. Улар орасида Datatruck, Push30, Delever, TASS Vision, Sales Doctor, FinQ, zip24 ва Platma каби тез ўсиб бораётган лойиҳалар бор. Бозор флагманлари сифатида эса Uzum ва TBC Uzbekistan тан олинган бўлиб, уларнинг қиймати 1 миллиард доллардан ошиб кетган. Бу компаниялар мамлакатнинг илк “бир миллиардлик стартаплари”га айланди.

Таҳлилчилар таъкидлашича, Ўзбекистон стартап муҳитининг кучли томони — унинг диверсификацияси. Айниқса финтех, таълим технологиялари (EdTech), логистика, маркетинг ва сунъий интеллект йўналишлари фаол ривожланмоқда. Dealroom маълумотларига кўра, мамлакатда 54 та EdTech, 51 та FinTech, 31 та логистика ва транспорт, 27 та маркетинг ва 26 та сунъий интеллект стартаплари фаолият юритмоқда.

Шунингдек, ўзбекистонликлар асос солган 50 дан зиёд стартаплар АҚШ, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, БАА ва Марказий Осиёда фаолият кўрсатмоқда. Бу ўз навбатида маҳаллий IT соҳасининг халқаро нуфузи ошиб бораётганидан далолатдир.

IT Park Uzbekistan ва Dealroom.co ҳамкорлигида ишга туширилган янги uzbekistan.dealroom.co миллий платформаси мамлакат стартапларининг ягона маълумот марказига айланди. Портал стартаплар, инвесторлар, акселераторлар ва венчур фондлар ҳақидаги маълумотларни бирлаштириб, тадбиркорлар ва таҳлилчилар учун қулай шароит яратади. Яқин вақтда у маҳаллий StartupBase тизими билан интеграция қилиниб, барча маълумотларни ягона базада жамлайди.