Дуров: «Европа ҳукуматлари шахсий ёзишмаларни кузатишни қонунийлаштирмоқчи»

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Telegram асосчиси Павел Дуров Европа ҳукуматларини фуқароларнинг шахсий эркинлигини чеклашга уринишда айблади.

Durov

Дуров ўзининг Telegram-канали орқали маълум қилганидек, мессенжер Франциядаги барча фойдаланувчиларга Евроиттифоқ томонидан тайёрланаётган чатларни назорат қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳақида хабар юборган. Унга кўра, «одамлар ўз эркинлигини тортиб олишга уринаётганларнинг исмини билиши керак».

«Бугун Евроиттифоқ сизларни шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум этишга оз қолди. Улар ҳар бир ёзишмани сканерлайдиган қонунни қабул қилишга яқин турибди, бу эса фойдаланувчиларнинг телефонларини ҳақиқий жосуслик қурилмасига айлантиради. Франция бу авторитар қонун ташаббусининг бошида турибди», — дея баёнот берди Дуров. У қонунни қўллаб-қувватлаганлар орасида Франциянинг собиқ ички ишлар вазири Брюно Ретайо ва ҳозирги вазир Лоран Нунес исмини тилга олди.

Таъкидланишича, мазкур ташаббус жиноятчиликни тўхтатолмайди, чунки ҳуқуқбузарлар VPN ёки махсус веб-сайтлар орқали ўз фаолиятини яшириши мумкин.

Қонун лойиҳаси Германия қарши чиққанидан сўнг қабул қилинмади. «Айнан Германиянинг позицияси бизнинг ҳуқуқларимизни сақлаб қолди. Бироқ эркинлик ҳамон хавф остида. Француз сиёсатчилари шахсий ёзишмаларга тўлиқ кириш имконини қўлга киритишга уринаётган бир пайтда, француз ва умуман европаликларнинг асосий ҳуқуқлари таҳдид остида қолмоқда», — деди Дуров.

Унинг сўзларига кўра, бу жараён интернет эркинлиги учун жиддий синов ҳисобланади. Дуров аввалроқ «инсониятда интернетни сақлаб қолиш учун вақт тобора қисқариб бормоқда», деб огоҳлантирган эди.