Ўзбекистон Миграция агентлиги маълум қилишича, Тошкент ва Самарқанддан танланган 10 нафар тиббиёт ходими 13 октябр куни Милан шаҳрига етиб борди. Улар уч ой давомида Италия клиникаларида ишлаб, итальян тили ва соҳага оид билимларини мукаммаллаштиради.
Cинов лойиҳа доирасида Ўзбекистон ва Италия тиббиёт тизимлари ўртасидаги фарқлар ўрганилиб, ходимларнинг маҳаллий шароитга мослашиш муддати ва касбий тайёргарлик даражаси баҳоланади. Италян мутахассислар ўзбекистонликлар малакасини синовдан ўтказгандан сўнг, 3,5 минг нафар ўрта бўғин тиббиёт ходимини тайёрлаш бўйича махсус ўқув дастури ишлаб чиқилади.
Бу ташаббус Ўзбекистон ва Италия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги беш йиллик ҳамкорлик режаси доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳа Италия соғлиқни сақлаш вазири Гвидо Бертолазо, Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана ҳамда бошқа расмийлар билан келишилган.
Маълумот учун, икки давлат ўртасидаги миграция ва мобиллик бўйича ҳамкорлик шартномаси Италия бош вазири Жоржа Мелонининг май ойидаги ташрифи давомида имзоланган эди. Шунингдек, Италия ҳукумати илк босқичда 1500 та иш ўрнини ўзбекистонлик малакали мутахассислар учун ажратган.