Россия президенти Владимир Путин Москвада Суриянинг янги президенти Ахмад аш-Шаръа билан учрашувда икки давлат «ўнлаб йиллар давомида дўстона муносабатларни сақлаб келганини» таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия Сурия билан ҳамкорликни кучайтириш ва «фойдали ташаббусларни амалга ошириш»га интилади.
«1944 йилдан буён Россия ва Сурия муносабатлари ҳар доим дўстликка асосланган. Биз Сурияни ҳеч қачон сиёсий вазият ёки манфаат нуқтайи назаридан баҳоламаганмиз. Биз ҳар доим Сурия халқи манфаатларини устувор деб билганмиз», — деди Путин.
Аҳмад аш-Шаръа сешанба куни Москвага ишчи ташриф билан келди. У аввал Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан танилган ва исломий гуруҳ «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»ни бошқарган. Бу гуруҳ — собиқ «Жабҳат ан-Нусра», яъни «Ал-Қоида» таркибидан ажралиб чиққан бўлиб, 2024 йил декабрида мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб, Башар Асад ҳукуматини ағдарган.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу гуруҳ ва унинг раҳбарини «мутаасиблар» деб атаган ва уларни «йўқ қилиш»га ваъда берган эди. Москва бу ташкилотни 2020 йилда террорчи гуруҳ деб эълон қилган ва фаолиятини расман тақиқлаган.
Сурияда «Ҳайат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи Асад режими ва уни қўллаб-қувватлаган Россия қўшинларига қарши жанг қилган. Россия авиацияси узоқ йиллар давомида гуруҳ позицияларига ҳаво зарбалари бериб келган. Аммо Дамашқда Асад режими ағдарилгандан сўнг, аш-Шаръа мухолифат кучларининг қўллаб-қувватига эга бўлиб, ўтиш даври ҳукуматини тузган.
Манбаларнинг маълумотларига кўра, аш-Шаръа Москвадаги музокараларда икки асосий масалани муҳокама қилмоқда — Асаднинг экстрадицияси ва уни жиноий жавобгарликка тортиш ҳамда Россия қўшинларининг Тартус ва Ҳмеймим базаларидаги келгуси мавқеини белгилаш.