Россия Ҳисоб палатаси мамлакат иқтисодиётида рецессия хавфи ҳақида огоҳлантирди

21:41 | 5 дақиқада ўқилади.

Россия Ҳисоб палатаси 2026 йилда иқтисодий фаоллик пасайиши ва ЯИМ қисқариши эҳтимолини билдирди. Бундай хавф юқори тарифлар ва қаттиқ пул-кредит сиёсати ортидан келиши мумкин.

Retsessiya1

Россияда иқтисодий рецессия эҳтимоли янада кучайди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси 2026–2028 йиллар давлат бюджети лойиҳасига берган хулосасида маълум қилди. Ҳисоботда таъкидланишича, тарифларнинг кескин ошиши инфляцияни 4 фоизлик мақсад даражасига қайтариш учун Россия Марказий банкидан қаттиқроқ сиёсат талаб қилади, бу эса иқтисодий фаолликни чеклаб, натижада ЯИМ қисқаришига олиб келиши мумкин.

Палата айниқса уй-жой коммунал хўжалиги хизматлари (ЖКХ) нархларининг кескин ўсишидан норозилик билдирди. 2025 йил октябрида ЖКХ тарифлари яна 9,9 фоизга оширилади. Бу хизматлар аҳоли сарф-харажатларининг 10 фоизини ташкил этади ва кредит ставкалари ўсишига сабаб бўлади. Ҳукумат, бундан ташқари, декабрда юк ва йўловчи ташиш хизматларига мос равишда 10 фоиз ва 11,4 фоизли қўшимча оширишни режалаштирмоқда.

Январдан бошлаб ҚҚС ставкасини 20 фоиздан 22 фоизгача ошириш режалаштирилган. Турли манбалар бу қарор нархларни 0,6–1,5 фоизгача қимматлаштириши мумкинлигини баҳоламоқда. Шу билан бирга, кичик бизнес учун имтиёзлар қисқартирилади, патент тизими бекор қилинади ва утилсизция йиғими оширилади.

Марказий банк буни «бир марталик омиллар» деб баҳолаган бўлса-да, уларнинг кўплиги аҳоли инфляция бўйича кутилмаларини кучайтиради. РФ Марказий банкининг ҳисоб-китобига кўра, уй-жой коммунал хўжалиги тарифларининг юқори суръатларда ўсиши инфляцияга камида 0,4 фоизли пункт қўшади.

Бундан ташқари, 160 от кучидан юқори двигателга эга автомашиналар учун утилизация йиғимини ошириш ҳам режалаштирилган. Иқтисодий таҳлилчилар бу чора истеъмол нархлари индекси ўсишига тўғридан тўғри таъсир қилишини таъкидламоқда.

Россия иқтисодиёти бўйича бошқа манбалар ҳам хавотир билдирган. Кремлга яқин Макроиқтисодий таҳлиллар ва қисқа муддатли прогнозлар маркази (ЦМАКП) маркази ҳисоб-кўрсаткичларига кўра, мамлакат рецессияга кириш эҳтимоли юқори. Уларнинг фикрича, юқори ставкалар, бизнес ишончининг пасайиши ва ички талабнинг сусайиши ЯИМ ўсишини тўхтатиши мумкин.

Шу билан бирга, расмий прогнозларда ҳозирча пасайиш кўзда тутилмаган. Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 2026 йилда ЯИМ ўсишини 0,8 фоиз, Марказий банк 1–2 фоиз, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси эса тегишлича 0,8 фоиз ва 1 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда.

Ҳисоб палатаси эса ҳукуматни эҳтиёт бўлишга чақириб, «иқтисодий фаолликни сунъий чеклаш мамлакатни рецессия сари етаклаши мумкин», деб огоҳлантирди.