Россияда туғилишни кўпайтириш учун ҳаёт сифатини пасайтириш таклиф қилинди

10:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Депутат Олег Матвейчев демографик инқирозни ҳал этишнинг «радикал усули» сифатида россияликларнинг ҳаёт даражасини пасайтиришни таклиф қилди. Унга кўра одамлар «яхши яшаган сари кам фарзанд кўришади».

Russia demografia

Россия Давлат думаси депутати Олег Матвейчев мамлакатдаги демографик таназзулга қарши «радикал» чора сифатида аҳолининг турмуш даражасини пасайтиришни таклиф этди. У бу фикрни Жамоатчилик палатасида абортларга қарши қонун муҳокамаси чоғида билдирди.

«Демографик муаммоларни моддий фаровонлик ҳал қилади деган фикрни унутишимиз керак. Дунё тажрибаси шундан дарак беради — одамлар қанчалик яхши яшаса, шунчалик кам бола туғилади. Энг юқори туғилиш — қашшоқ мамлакатларда, энг пасти — бой давлатларда», — деди Матвейчев.

У, шунингдек, болали оилаларга молиявий ёрдам бериш ғоясини ҳам танқид қилди. Абортларни эса «ҳарбий йўқотишлар» билан тенглаштириб, «СССРда абортларни қонунийлаштириб, биз Ҳитлердан кўра кўпроқ одамни ўлдирдик», дея баёнот берди. Депутатнинг сўзларига кўра, «руслар ҳаётдан завқ олишни истайди, аёллар эса оиладан кўра карйерани танлайди», бу эса «жазосиз қолмайди».

Муҳокама давомида унинг ҳамкасби Виталий Милонов «абортларга аёлларни кўпроқ эркаклар мажбурлайди», дея таъкидлаб, «ҳақиқий эркак аёлни уйдан чиқармаса ҳам, абортга қўймайди» деди. Бошқа депутат Николай Николаев эса Россияни «ултралиберал ғарб моделларига тақлид қилишда» айблади ва мамлакат «православ этикага асосланиши лозим», дея таъкидлади.

Эшиттирувларда иерей Фёдор Лукянов ҳам сўзга чиқиб, аёлларнинг аборт ҳуқуқини «Ҳайнрих Ҳиммлернинг совет аҳолисини йўқ қилиш режаси»га қиёслади. Унга кўра, Россия Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликни тўхтатиши лозим, чунки ЖССТ «аёлнинг туғишдан олдинги танлов ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди».

Муҳокамалар Россиядаги демографик инқироз шароитида кечди. Росстат маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида туғилишлар сони ўтган йилга нисбатан 4 фоизга камайиб, 288,8 минг болагача тушган — XVIII асрдан буёнги энг паст кўрсаткич. 2024 йилда эса 1,22 млн бола туғилиб, 1,8 млн киши вафот этган, аҳолининг соф қисқариши қарийб 600 мингни ташкил этган.

2018 йилда Владимир Путин бошлаган «Демография» миллий лойиҳаси ҳам кутилган натижа бермади. 2018–2023 йилларда Россияда туғилишлар сони ўлимдан 3,4 млн нафарга кам бўлди. Бу ортидан ҳукумат туғилиш ва аҳоли сони бўйича батафсил маълумотларни махфийлаштирди.

Аввалроқ Россияда демографияни яхшилаш учун мактаблар 10 йиллик таълимга қайтиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.