АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳэгсет Украина қуролли кучлари яқин вақтда «оғир ҳарбий қувват» билан таъминланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, НАТОнинг европалик иттифоқчилари томонидан берилган ҳарбий ёрдам мажбуриятлари энди амалий натижага айланмоқда.
«Украинага йўл олган нарса — бу чинакам ўт очиш қуввати», — деди Ҳегсет телеканал CNNга берган изоҳи орқали.
Унинг таъкидлашича, АҚШ ва Европадаги иттифоқчилар томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш Украинани янги босқичга олиб чиқади ва фронтдаги имкониятларини кескин оширади. Бу баёнот фонида АҚШ ОАВларда Пентагоннинг Украинага узоқ масофали Tomahawk ракеталарини етказиш режаси ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
The New York Times нашрининг ёзишича, АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага Tomahawk ракеталарини сотиш ёки бепул бериш бўйича режа ишлаб чиққан. Аммо бу қарор фақат президент Доналд Трамп «яшил чироқ» берганидан кейин амалга оширилиши мумкин.
Нашр манбасининг таъкидлашича, Украина ҳозирда бундай ракеталарни ишга тушириш учун зарур бўлган Typhon учириш қурилмаларига эга эмас. Уларни етказиб бериш эса Россия билан «тўғридан тўғри тўқнашув хавфини» кучайтиради. Кремл бу имконият тақдим этили борасидаги янгиликларга жавобан бир неча бор таҳдид билдирган.
NYT нашрининг қайд этишича, Трамп илгари «Tomahawkʼлар етказилиши ҳақидаги таҳдиднинг ўзи» Владимир Путинни музокара столига қайтишга мажбур қилиши мумкин, деб ҳисоблаган. Аммо урушни тўхтатишга Россия раҳбари тайёр эмаслиги, АҚШ президентини норозиликка солаётгани таъкидланди.
Европа масалалари бўйича эксперт Лиана Фикснинг таъкидлашича, бу қарор Трамп ва Путин мулоқотининг натижасига боғлиқ бўлади. «Агар Путин уни ядровий уруш хавфига ишонтирса, қарор кечиктирилиши мумкин», — деди у. Шу билан бирга, Фикснинг фикрича, «Tomahawkʼлар етказилиши Европанинг Украинага босимни кучайтиришга қаратилган мувофиқлаштирилган стратегиясидан дарак беради».