Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат бўйлаб ўқишни тамомлаётган 450 мингдан зиёд мактаб битирувчисини табриклади. 24 май куни 10 мингдан ортиқ мактабда «сўнгги қўнғироқ» маросими бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари ёшларни мустақил ҳаёт остонасида тинчлик ва тараққиёт учун масъулиятли фуқароларга айланишга даъват этди.
«Шуни асло унутманг, одамзот ҳаётда муносиб ўрин топиши, эл-юртнинг ҳурмати ва эътиборига сазовор бўлиши учун миллий ва умуминсоний қадриятларни эгаллаб, доимо олдинга интилиб яшаши, изланиш ва ўрганишдан асло тўхтамаслиги керак», — дейилади давлат раҳбарининг табригида.
Президент келажак режаларини тузаётган ўғил-қизларга улкан куч-ғайрат, омад ва муваффақиятлар тилади. Унинг таъкидлашича, бу йил 11 500 дан зиёд битирувчи мактабни олтин, 2 000 нафардан зиёд ўқувчи эса кумуш медал билан якунламоқда.
Шавкат Мирзиёев ёшларга мурожаатида мамлакатда яратилаётган имкониятлардан тўла фойдаланиш, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида камол топиш, ҳар соҳада эл-юрт манфаатларини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади. У изланиш, ўрганиш ва ҳалол меҳнат инсон ҳаётини файзли ва нурли этади, деб таъкидлади.
Президент, шунингдек, ёшлар томонидан амалга ошириладиган янги ғоя ва ташаббуслар Янги Ўзбекистон пойдеворига беқиёс ҳисса қўшишини қайд этди.
«Аминман, сизларнинг янги ғоя ва ташаббусларингиз, турли соҳалардаги ютуқларингиз Янги Ўзбекистонни янада қудратли этадиган моддий ва маънавий асосларни барпо этишга беқиёс ҳисса бўлиб қўшилади. Сизлардек ўз кучига ишонган, қатъиятли ёшлардан қадрдон мактабингиз, азиз устозларингиз ва ота-оналарингиз, бутун халқимиз фақат эзгу ишлар ва ёрқин натижалар кутади», — дейилади Шавкат Мирзиёев табригида.
У битирувчиларга доимо юксак ишончга муносиб бўлиш, янгилик яратишдан чарчамаслик ҳақидаги мурожаат билан якунлади.