Халқаро банклар Ўзбекистонда: Молиявий экспансия ёки стратегик позиция?

11:30 | 13 дақиқада ўқилади.

2025 йил Ўзбекистон капитал бозори тарихида бурилиш нуқтасига айланиши мумкин: сўнгги бир йил ичида учта халқаро молия гиганти: Citibank, JPMrogan Chase ва Franklin Templeton Тошкентда ваколатхона очди.

Banklar

Бу шунчаки географик кенгайиш эмас, халқаро молия институтлари Ўзбекистонни ислоҳотлар ва ўсиш суръати туфайли минтақадаги энг истиқболли бозорлардан бири сифатида баҳолаяпти. Bloomberg агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонга тўғридан тўғри хорижий сармоялар (FDI) 2024 йилдаги 11,9 миллиард доллардан 2025 йилда 42 миллиард долларгача ошиши кутилмоқда.

Савол туғилади: бу қизиқиш ортида қандай стратегик омиллар ётибди ва маҳаллий капитал бозори учун бу қандай бурилиш ясаши мумкин?

Тошкентдаги янги офислар орқали халқаро молия гигантлари ўз стратегик йўналишларини аниқ белгиламоқда. Citibank ваколатхонаси раҳбари Эмре Картер (Туркия бўйича Country Officer ва Марказий Осиё ҳамда Транскавказия ҳаби раҳбари) бошчилигидаги делегация сентябр охирида 10 нафар халқаро инвесторни Тошкентга олиб келди. Улар ҳукумат вакиллари ва маҳаллий компаниялар билан учрашувлар ўтказди. Картер сўзларига кўра, инвесторлардан келган фикрлар «жуда ижобий» бўлган ва Ўзбекистон «ноёб имконият» сифатида баҳоланган.

JPMrogan Chase ҳам 2025-йилда Тошкентда офис очиб, мамлакатдаги хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этмоқда, хусусан, давлат компанияларининг IPO жараёнларида маслаҳат бериш ва хорижий инвесторларни жалб этишда муҳим рол ўйнаши кўзда тутилмоқда.

Franklin Templeton эса Ўзбекистоннинг 1,7 млрд долларлик Миллий инвестиция фонди (UzNIF)ни бошқариш учун танланди. Бу халқаро фонд менежерлари учун мамлакатга бўлган институционал ишончнинг муҳим белгиси сифатида қаралмоқда.

Халқаро инвесторларнинг Ўзбекистонга қизиқишининг ортида бир нечта стратегик омиллар ётади. Биринчидан, Россияга нисбатан санкциялар фонида глобал капитал минтақада муқобил йўналишлар изламоқда. Шу нуқтада Ўзбекистон барқарор сиёсий курси ва очиқ иқтисодий модели билан Марказий Осиёда табиий муқобил сифатида кўрилмоқда.

Иккинчидан, 2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди: валюта курси либераллаштирилди, капиталнинг эркин ҳаракати кафолатланди (ПФ-6207), инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ЎРҚ-598 қабул қилинди ва ПҚ-162 орқали давлат иштирокини қисқартириш сиёсати белгиланди.

Учинчидан, мамлакатнинг 38 миллионлик аҳолиси ва уларнинг ярмидан кўпи ёшлар бўлиши, ички бозорни жадал ўсаётган истеъмол марказига айлантирмоқда.

Бу ишончни тасдиқловчи мисоллар кўп: 2023 йилда Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси Ўзбекистон энергетикасига миллиардлаб доллар сармоя киритди, 2024 йилда эса Boeing билан миллий авиация инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича шартнома имзоланди.

Халқаро молия институтларининг Ўзбекистонга кириб келиши маҳаллий капитал бозори учун чуқур трансформацияни бошлаб берди. Энди бу фақат капитал оқими эмас, балки корпоратив бошқарув, инвестор ҳимояси ва давлат корхоналарининг хусусийлаштиришдаги ҳуқуқий механизмлари қайта шаклланмоқда.

Citibank вакили Эмре Картер таъкидлаганидек, ҳукуматнинг мақсади «давлат корхоналарига бошқарув ва ҳисобот стандартларини жорий этиш ҳамда хусусий сектор учун бенчмарклар ўрнатиш». Бунинг энг йирик синов лойиҳаси Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) бўлиб, унинг тахминий бозор қиймати 20 миллиард доллардан ортиқ. «Навоийуран» АЖ 2026-йилда IPO ўтказиши режалаштирилган, бу эса давлат корхонасининг биринчи йирик халқаро листинг уринишларидан бири бўлади.

Ҳуқуқий жиҳатдан бу жараён ЎРҚ-370-сонли «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун асосида амалга оширилади. Мазкур ҳужжат давлат корхоналарини МЧЖ шаклидан АЖ шаклига ўтказишни, мажбурий аудиторлик ҳисоботлари, ошкоралик (disclosure) ва мустақил директорлар институтини жорий этишни талаб қилади. Шу орқали инвесторларнинг акциялар орқали эгалик ҳуқуқи (эқуитй оwнершип) қонуний кафолатланади. Голдман Сачс, Барcлайс ва Citibank томонидан  инвесторлар учун роадшоwлар ўтказилиши маҳаллий компанияларни ИФРС, ЭСГ ва АМЛ талаблари билан ишлашга мажбур қилмоқда. Бу эса корпоратив бошқарувни халқаро стандартлар даражасига кўтаради. Шу билан бирга, ЎРҚ-598-сон “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун хорижий инвесторларнинг молиявий фаолиятини, дивиденд репатриациясини ва шартнома бажарилишини ҳуқуқий томондан кафолатлайди.

Ўзбекистоннинг 2031 йилда тўланиши керак бўлган 635 миллион долларлик суверен облигациялари даромадлилиги 2025 йилнинг учинчи чорагида 80 базис пунктга камайиб, 3,5 йиллик минимал даражага тушди. Бу мамлакатнинг халқаро кредит ишончлилиги ошганини ва инвесторлар Ўзбекистонни «янги эмиссия манбаи» сифатида кўраётганини билдиради.

Ҳуқуқий нуқтаи назардан бу ҳолат бозор баҳолаш (benchmark yield) механизмини яратади. Энди корпоратив облигацияларни жойлаштириш, IPO ўтказиш ва листинг жараёнлари учун суверен рентабеллик мезони шаклланмоқда. Шу билан бирга, бу бозорни тартибга солувчи ПФ-6207 фармони капитал бозорини ривожлантириш консепсияси халқаро эмитентлар учун ҳуқуқий инфратузилмани яратишга қаратилган.

Натижада, Ўзбекистон ёпиқ иқтисодий моделдан очиқ, ҳуқуқий жиҳатдан барқарор ва инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилувчи тизим сари ҳаракатланмоқда. Аммо инвестор ишончини мустаҳкамлаш учун ҳал қилувчи омил  ислоҳотларнинг амалда қанчалик ҳуқуқий кафолат топишидадир.

Барча имкониятларга қарамай, Ўзбекистон инвесторлари учун муайян хавфларни сақлаб қолмоқда. S&P Global Ratings мамлакатга BB- рейтингини берган бўлиб, бу инвестиция даражасидан уч поғона пастда. 2025 йил май ойида прогноз «ижобий»га ўзгаргани ижобий сигнал бўлса-да, бу ҳали ҳам Ўзбекистоннинг «frontier market» — юқори даромадли, аммо юқори рискли тоифада қолаётганини англатади.

Transparency International индексида мамлакат 180 давлат орасида 121-ўринда туради. Сўнгги йилларда коррупцияга қарши қонунлар кучайтирилган бўлса-да, уларнинг амалий ижроси сустлиги ва давлат секторида манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари инвесторлар учун ноаниқлик манбаи бўлиб қолмоқда.

Ҳуқуқий нуқтайи назардан, суд тизими мустақиллиги ҳамон асосий институционал муаммо ҳисобланади. Гарчи 2020 йилда «Судяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6127-сонли фармон қабул қилинган бўлса ҳам, амалда ижро органларининг таъсири сақланиб қолмоқда. Бу эса инвестор ва давлат низоларида адолатли ва тезкор ҳал этиш механизмларини кафолатлашни мураккаблаштиради.

Шунингдек, Ўзбекистон 2022 йилда халқаро арбитраж механизмларини такомиллаштириш бўйича ислоҳотларни бошлаган, бироқ ҳозирча кўплаб битимларда маҳаллий юрисдикция талаби сақланиб қолмоқда. Бу ҳолат халқаро инвесторлар учун ҳуқуқий ҳимоя даражасини чеклайди. Шу боис, кўплаб хорижий инвесторлар ҳали ҳам Ню Йорк, Лондон ёки Сингапур арбитраж судларини афзал кўрмоқда.

JPMorgan Asset Management вакили Zsolt Papp таъкидлаганидек, «савол шундаки, мамлакат ўз ислоҳот режасини изчил амалга ошира оладими, чунки ҳозирги бозор аллақачон жуда кўп ижобий сигнални инобатга олган».

Ўзбекистон капитал бозори тарихий бурилиш нуқтасида турибди. Citibank, JPMorgan ва бошқа йирик институтларнинг кириб келиши бу трансформацияни жадаллаштирмоқда. Аммо барқарор натижа учун суд тизимининг мустақиллиги, шаффоф корпоратив бошқарув ва инвестор ҳуқуқларини кафолатлайдиган институтлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

2030 йилгача Ўзбекистон «frontier market»дан «emerging market» мақомига ўта оладими? Бу энди қонун устуворлиги ва ислоҳотларнинг амалда ишлашига боғлиқ.

Гуласал Бозорова тайёрлади.