Жиззах вилояти Бахмал туманида яшовчи Б.М. Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. «Газета» нашрининг хабар беришича, иш материаллари ЖИБ Ғаллаорол туман суди томонидан кўриб чиқилган.
Маълумотларга кўра, у 2010 йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тизимида шартнома асосида хизмат бошлаган ва Андижон вилоятидаги ҳаво ҳужумидан ҳимоя қўшинларига тегишли қисмда ҳайдовчи бўлиб ишлаган. 2018 йилда оилавий сабабларга кўра ҳарбий хизматни тарк этиб, Москвага меҳнат муҳожирлигига кетган. 2023 йилда ишсиз қолгач, Россия Мудофаа вазирлиги эълон қилган чақириқ орқали армияга ҳайдовчи сифатида қабул қилинган.
У Толятти яқинидаги қисмда уч ойлик тайёргарлик курсини ўтаб, кейин Украинанинг Луҳанск области Мирне қишлоғига юборилган. У ерда ёқилғи, озиқ-овқат ва кийим етказиш билан шуғулланганини, аммо тўғридан тўғри жанг ҳаракатларида қатнашмаганини айтган.
2024 йил июлида унинг шартномаси тугаган. Шу пайтда у Россия фуқаролигини олгани ва кейинроқ Калуга областида икки хонали квартира харид қилгани маълум бўлган. Ҳарбий хизмат даврида у ойига аввал 43,5 минг, кейин 210 минг рубл маош олган.
Б. М. иккинчи марта ҳам контракт асосида хизматга кирган — бу сафар босиб олинган Қрим яриморолидаги Севастопол шаҳридаги денгиз кучлари қисмида. У ерда у дронлардан ҳимоя қилиш вазифасини бажарган. Яраланиб, бир ой Москвадаги ҳоспиталда даволангач, Самарқандга қайтиб келган ва шу ерда унинг урушда қатнашгани ҳақида маълумот берган фуқаро орқали ҳуқуқ-тартибот органлари уни ушлаган.
Суд ҳукмида қайд этилишича, у Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу имзолаган «Жанг ҳаракатларида қатнашгани учун» медали, президент Владимир Путин номидан «Жасорат учун» II даражали ордени ва ҳарбий қисм қўмондонидан «Спецназ» медали билан тақдирланган.
Айбланувчи судда тўлиқ айбини тан олган ва пушаймонлигини билдирган. Суд унинг вояга етмаган тўрт фарзанди ва қария ота-онасини ҳисобга олиб, жазони енгиллаштирган.
Ғаллаорол туман суди ҳукмига кўра, Б.М. Жиноят кодексининг 154-моддаси (урушга ёлланиш) ва 228-моддаси 2-қисми «а» банди (Ҳужжатларни сохталаштириш ёки фойдаланиш) бўйича айбдор деб топилди ва 3 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этилиб, умумий тартибдаги колонияга жўнатилди.