Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакат бўйича бюджетга умумий 158,7 трлн сўм солиқ ва йиғимлар тушди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоиз ўсишни қайд этди.
Солиқ тушумлари таркибида асосий солиқ турлари бўйича ўсиш кузатилди. Хусусан, фойда солиғидан 35,4 трлн сўм (+14 фоиз), ҚҚСдан 32,5 трлн сўм (+14 фоиз), жисмоний шахслар даромад солиғидан 30,3 трлн сўм (+19 фоиз) тушум таъминланган. Шу билан бирга, ер ости бойликларидан фойдаланиш солиғи 16 трлн сўмни (+24 фоиз), акциз солиғи 14,4 трлн сўмни (+14 фоиз) ташкил этди.
Шунингдек, носолиқ тушумлар 13,8 трлн сўм (+30 фоиз), ер солиғи 7,2 трлн сўм (+20 фоиз), мулк солиғи 6 трлн сўм (+16 фоиз), айланмадан солиқ 2,4 трлн сўм (+12 фоиз) ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш солиғи 0,7 трлн сўм (+16 фоиз)ни ташкил этди. Носолиқ тушумлар таркибига давлат божлари, жарималар ва йиғимлар киради.
Ҳудудлар бўйича таҳлилга кўра, солиқ тушумлари ўсиш суръати жами 27 фоиз, учинчи чоракда эса 30 фоизга етган. Энг юқори ўсиш Навоий вилоятида (86 фоиз), Фарғона вилоятида (39 фоиз), Тошкент шаҳрида (33 фоиз) ва Сирдарё вилоятида (32 фоиз) қайд этилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу ўсиш иқтисодий фаолликнинг ошиши, бизнес субъектлари сони кўпайиши ва солиқ маъмуриятчилигининг рақамлаштирилиши билан изоҳланади.