Самарқандда 7 нафар одамнинг ўлимига сабабчи бўлганлар 7 йилга қамалди

17:21 | 3 дақиқада ўқилади.

Самарқанд шаҳрида 7 нафар одам ҳалок бўлган газ портлаши бўйича иш якунланди. Суд газ таъминоти филиали раҳбари ва ходимларини инсон ўлимига сабаб бўлган беэътиборлик учун 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Judge, male judge in a courtroom striking the gavellaw theme, mallet of the judge, wooden desk, scales of justice

Самарқанд шаҳрида бир оиланинг 7 аъзоси ҳалок бўлган портлаш бўйича жиноят иши жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳри судида кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Замон» дастурида маълум қилинди.

Тергов маълумотларига кўра, Спитамен шоҳкўчасидаги хонадонларда газ тармоғи лойиҳа ва техник талабларсиз тортилган. Ёлланма усталар ноқонуний равишда йўл остига қувур ётқизган ва хавфсизлик қопламаси қўлланилмаган. Натижада ер остидаги қувурда еттита тешик пайдо бўлиб, газ марказий оқова қудуғига сизиб кирган. Шу сабабдан кучли портлаш содир бўлиб, бир оиланинг етти аъзоси ҳалок бўлган.

Маълум бўлишича, фожиа олдидан хонадон эгалари газ ҳидидан безовта бўлиб, «Ҳудудгаз Самарқанд»га 11 марта мурожаат қилган. Бироқ ташкилот ходимлари бу ҳақдаги шикоятларга жавоб қайтармаган ва муаммони бартараф этмаган.

Самарқанд шаҳар суди «Ҳудудгаз Самарқанд» филиали раҳбари ва уч нафар ходимини Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а» ва «б» бандлари бўйича айбли деб топди. Уларга давлат корхоналарида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларини бажариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, етти йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, портлаш оқибатида зарар кўрган фуқаролар фойдасига газ таъминоти корхонасидан қарийб 6 миллиард сўм товон ундирилиши белгиланди.