«Жазони енгиллаштириб бермоқчи» бўлган адвокатларнинг ўзи энди ҳамкасблари хизматига муҳтож

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари Тошкентда икки адвокатни пора олаётганда қўлга олди. Улар қамоқдаги мижозга уй қамоғига чиқишга ёрдам бериш эвазига 14 минг доллар талаб қилган.

Advokat

Тошкент шаҳрида адвокатлик бюроси адвокати ҳамда адвокатлик ҳайъати адвокати ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда пора олиш жиноятида фош этилди. Улар Учтепа туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими олиб бораётган жиноят иши бўйича қамоқда сақланаётган фуқаронинг эҳтиёт чорасини ўзгартиришни ваъда қилиб, пул талаб қилган.

Маълумотларга кўра, Учтепа туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг Тергов бўлими томонидан Олмазор туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши доирасида унга қўлланилган қамоққа эҳтиёт чорасини танишлари орқали уй қамоғи эҳтиёт чорасига ўзгартириб бериш эвазига 14 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида улар пулни олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а, в» бандлари ва 28 орқали 211-моддаси 2-қисми «б» банди асосида жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.