Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг маълум қилишича, Саудия Арабистонининг Pemco компанияси жорий йил якунига қадар Самарқанд вилоятида янги газ-поршенли электр станцияси қуриш ишларини бошлайди. Лойиҳа мамлакатнинг барқарор энергия таъминотини кучайтиришга хизмат қилади.
Вазирнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа Саудия Арабистони етакчи бизнес доиралари билан ҳамкорликни кенгайтириш доирасида амалга оширилаётган қадамлардан бири ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябр куни ACWA Power, Data Volt, Pemco ва бошқа йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувда уларни Ўзбекистонда аҳолининг турмуш даражасини яхшилайдиган янги лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирган эди.
Жўрабек Мирзамаҳмудов ACWA Power билан ҳамкорликда Ўзбекистонда биринчи йирик иссиқлик электр станцияси фойдаланишга топширилганини ҳам таъкидлади. Шунингдек, мамлакатнинг турли ҳудудларида қатор қайта тикланувчи энергия объектлари — Қибрайда қуёш станцияси, Бухорода икки шамол станцияси ва Қорақалпоғистонда 100 мегаваттлик шамол электр станцияси ишга туширилган.
Бундан ташқари, Паркент туманида энг йирик аккумуляция тизими жорий этилиши режалаштирилган. Тошкентда қурилаётган янги аэропорт учун эса қайта тикланувчи хомашёдан экологик тоза авиаёқилғи ишлаб чиқариш мўлжалланган. Бу борада Саудиянинг Vision Invest ва АҚШнинг Air Products компаниялари билан келишувга эришилган.
Мутахассислар фикрича, янги энергетика лойиҳалари Ўзбекистоннинг энергия мустақиллигини мустаҳкамлаб, иқтисодиётнинг барқарор ўсишига туртки беради.