Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолияти ҳақидаги ҳисоботига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 472 минг 900 дан зиёд фуқаролик иши кўриб чиқилган. Улардан 52 минг 507 таси никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишларни ташкил этган.
Маълумотларга кўра, ажрашиш бўйича кўриб чиқилган ишларнинг 27 минг 578 тасида никоҳ расман бекор қилинган, 18 минг 430 тасида эса даъво талаблари рад этилган. Шунингдек, 4 минг 658 та иш кўрмасдан қолдирилган, 1 минг 841 тасида иш юритиш тугатилган.
Шу даврда судлар томонидан болалар учун алимент, иш ҳақи ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича жами 8,2 трлн сўм ундириш ҳақида 1,1 миллиондан ортиқ суд буйруқлари чиқарилган. Бу рақам фуқароларнинг молиявий мажбуриятлари бўйича даъволар кўпайганини кўрсатади.
Ҳисоботда, шунингдек, судлар томонидан уй-жой, оталикни белгилаш, қурилиш қонунбузарликлари ва бошқа фуқаролик ишлари бўйича ҳам минглаб ишлар кўриб чиқилгани қайд этилган.
Шунингдек, 2025 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистонда 15–17 ёшли 155 нафар қиз вояга етмасдан турмушга берилгани маълум қилинган эди. Мутахассислар бу ҳолатни жамиятда оилавий қадриятлар ва ҳуқуқий саводхонликни кучайтириш зарурлиги билан изоҳламоқда.