Ғазо шимолидан бўлган 28 ёшли Маҳмуд Абу Фоул декабр ойида Бейт-Лахиядаги Камол Адван шифохонасида ҳибсга олинган ва кейин Исроилнинг тергов изоляторларига жойлаштирилган. Унинг сўзларига кўра, қўриқчилар томонидан мунтазам равишда калтакланиши натижасида кўр бўлиб қолган.
Абу Фоул бу ҳафта АҚШ воситачилигида тузилган оташни тўхтатиш келишуви доирасида озод қилинди. У билан бир қаторда 2000 га яқин фаластинлик маҳбус қамоқхоналардан чиқарилди. Кўпчиликда тан жароҳатлари ва зўравонлик излари аниқланган.
Фаластинлик ёш йигит илгари, 2015 йилдаги теракт оқибатида оёғидан айрилган. У Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида «Сде Тейман» деб номланган қамоқхонани «одамларни синаш ва синдириш учун қурилган жой» деб атади. Унинг айтишича, бир куни соқчилар бошига қаттиқ зарба берган, шу орқали у онгини йўқотган ва кўзлари бутунлай кўр бўлиб қолган.
«Тиббий ёрдам сўрайвердим, лекин менга фақат бир турдаги кўз томчиларини беришди, бу ҳеч қандай ёрдам бермади. Кўзларим тинимсиз ёшланар, оқар, оғрирди, лекин ҳеч ким парво қилмасди», — дейди Абу Фоул.
У даволаниш учун очлик эълон қилишга ҳам ҳаракат қилган, аммо маъмурият унинг талабларини инобатга олмаган. Озод этилгандан сўнг Носир шифохонасига олиб борилган Абу Фоул онаси билан фақат овоз орқали «кўришганини» айтди.
Ҳозирда у вайроналар яқинидаги чодирда яшайди. Кўзлари ҳали ҳам давога муҳтож ва у чет элда тиббий ёрдам олиш учун кўмак сўрамоқда.
Фаластин Инсон ҳуқуқлари маркази маълумотига кўра, 2023 йил октябридан 2024 йилгача қамоқда бўлган 100 нафар собиқ маҳбуснинг гувоҳликлари асосида Исроил қамоқхоналаридаги тизимли зўравонлик ҳолатлари тасдиқланган. Ҳозирги кунда 9000 га яқин фаластинлик судсиз ёки айбловсиз ҳолда ушлаб турилмоқда.