21 октябр — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун арафасида Вазирлар Маҳкамаси мамлакат бўйлаб темирйўл объектларини давлат тили меъёрларига мослаштириш бўйича муҳим қарор қабул қилди.
Ҳукуматнинг «“Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли темирйўл вокзали, темирйўл станцияси ва темирйўл разъездлари номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, барча номлар лотин ёзувига асосланган ўзбек тилидаги ёзувлар билан алмаштирилади.
Қарорда белгиланишича, ўзгаришлар тегишли ҳужжатлар, маълумотлар базалари, пешлавҳалар ва ахборот кўрсаткичларида ҳам амалга оширилади. Бунда ёзувлардаги русча, аралаш ёки имло хатолари бартараф этилади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатининг иловасида бутун республика бўйлаб 320 та географик объект номи қайта кўриб чиқилиши белгиланган. Улар орасида айрим мустақиллик йилларида қўйилган номлар ҳам бор бўлиб, уларда ҳам имло хатолари учрагани аниқланган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу қарор нафақат ёзувларни тўғрилаш, балки ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга қаратилган амалий қадам бўлади.