Euronews хабарига кўра, мазкур ташаббус Белгиянинг бошпана ва миграция вазири Аннелен Ван Боссют томонидан илгари сурилган. Уни Европа Иттифоқига аъзо 19 давлат — Австрия, Болгария, Кипр, Чехия, Эстония, Финляндия, Германия, Греция, Венгрия, Ирландия, Италия, Литва, Люксембург, Малта, Нидерландия, Полша, Словакия ва Швеция қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, ЕИга аъзо бўлмаган Норвегия ҳам ташаббусга қўшилган.
2021 йилда Афғонистонда «Толибон» ҳокимиятни қўлга киритгандан бери кўплаб Европа давлатлари мазкур ҳаракат билан депортация шартларини муҳокама қилмаган. Шу сабабли ҳатто жиноят содир этган афғон фуқароларини ҳам ватанига қайтариш имкони бўлмаяпти. Бу ҳолат Европа хавфсизлигига таҳдид солаётгани ва жамиятнинг бошпана сиёсатига ишончини сусайтираётгани қайд этилган.
Ташаббусчилар Еврокомиссиядан афғон муҳожирларни қайтариш масаласини устувор йўналиш сифатида кўриб чиқишни сўрамоқда. «Толибон» ҳокимиятга келганидан кейин уларни қонуний ҳукумат сифатида фақат Россия расман тан олган.
Германия ҳукумати эса афғон фуқароларини репатриация қилиш бўйича «Толибон» билан келишувга жуда яқин тургани айтилган. Афғонлар бу мамлакатда бошпана сўровчилар орасидаги иккинчи энг йирик гуруҳ ҳисобланади. Июль ойида Фридрих Мерц раҳбарлигидаги ҳукумат 81 нафар афғон фуқаросини депортация қилгани ҳақида маълум қилинган.
Бироқ БМТ бу ҳаракатни танқид қилди, чунки Афғонистон қочқинларни «қайтармаслик тавсияси» остидаги давлатлар рўйхатига киритилган. Шу боис халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан бу амалиёт жиддий баҳсларга сабаб бўлмоқда.