Бинямин Нетаняҳу 2026 йилдаги сайловларда яна номзодини илгари сурмоқчи

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу келгуси парламент сайловларида яна ҳукумат раҳбари лавозимига номзодини қўйишини маълум қилди. У ғалаба қозонишига ишонч билдирган.

Netanyahu elections

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакатнинг Channel 14 телеканалига берган интервюсида келгуси сайловларда иштирок этиш ниятини билдириб, ўз ғалабасига ишончи комил эканини таъкидлади.

«Ҳа, мен халқнинг қўллаб-қувватлаши билан ғалаба қозонишга ишонаман», — деди Исроил ҳукумати раҳбари сиёсий режалари ҳақида сўз юритар экан.

Давлат телеканали KANнинг маълумотига кўра, Нетаняҳу ноябрь 2026 йилга белгиланган умуммиллий сайловларни 2025 йил июнига суриш имкониятини кўриб чиқмоқда. Исроил қонунчилигига кўра, Бош вазир тавсияси асосида ҳукумат парламентни тарқатиб, муддатидан олдин сайловлар ўтказишни таклиф этиши мумкин. Аммо бундай қарорни мамлакат президенти тасдиқлаши лозим.

Maariv газетаси ўтказган сўнгги сўров натижаларига кўра, агар сайловлар бугун бўлиб ўтганида, Нетаняҳунинг партияси 120 ўринли Кнессетда 52 та ўрин, мухолифат партиялари — 58 ўрин, араб партиялари эса 10 ўрин олишини кўрсатган. Исроилда ҳукумат тузиш учун камида 61 депутатнинг қўллаб-қувватлаши талаб этилади.

Ҳозирги сайлов тақвимига кўра, мамлакатдаги кейинги умуммиллий сайловлар 2026 йил ноябрида бўлиб ўтиши керак. Аммо кузатувчиларнинг фикрича, сиёсий вазият ва хавфсизлик муаммолари Нетаняҳуни муддатидан олдин сайловлар ўтказишга ундаши мумкин.