Трамп Оқ уйда Зеленскийдан Донбассни Россияга топширишни талаб қилган — Financial Times

08:58 | 4 дақиқада ўқилади.

Нашр маълумотига кўра, 17 октябр куни Оқ уйдаги мулоқотда Доналд Трамп Украина президенти Володимир Зеленскийни Путин шартларини қабул қилишга мажбур этган. Учрашув баланд овозлар ва тортишувлар билан кечган.

Nrump zelensky wh

Британиянинг Financial Times нашрининг ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп 17 октябр куни Оқ уйда Украина раҳбари Володимир Зеленский билан ўтказган музокараларда Россия президенти Владимир Путин таклиф қилган шартларни қабул қилишни талаб қилган. Манбаларга кўра, Трамп Зеленскийни «Россияга бутун Донбассни бериш»га чақирган ва агар Киев бунга рози бўлмаса, «Путин Украинани йўқ қилади», деб таҳдид қилган.

Газета маълумотига кўра, музокара бир неча марта «баҳс ва бақир-чақирга» айланган, Трамп «тўхтовсиз ҳақоратли сўзлар ишлатган». АҚШ президенти Украина фронти хариталарини столдан отиб юборган ва «бу қизил чизиқлардан чарчадим, қаерлигини ҳам билмайман», деб айтган.

Financial Timesʼнинг ёзишича, Трамп Путин билан бир кун аввалги телефон суҳбатда эшитган гапларни деярли сўзма-сўз такрорлаган, ҳатто улар ўзининг аввалги баёнотларига зид бўлса ҳам. Европа манбаларига кўра, у Зеленскийга «агар келишув тузмасанг, йўқ бўласан», деган ва Россия иқтисодиёти «жуда яхши ҳолатда» эканини таъкидлаган.

16 октябр куни The Washington Post нашри Путин Трамп билан суҳбатда Украина Донецк области устидан тўлиқ назоратни топшириш урушни тўхтатиш шарти сифатида қўйгани ҳақида ёзган эди. Эвазига Россия Запорижжя ва Херсон областларининг ҳали босиб олинмаган қисмларига бўлган даъводан воз кечишга тайёрлигини билдирган.

Музокаралар чоғида Украина томони АҚШдан Tomahawk ракеталарини сўраган, аммо Трамп бу масалада ҳам рад жавобини берган. Европа расмийларига кўра, учрашувдан сўнг Зеленский «жуда нохуш кайфиятда» бўлган. Уларнинг айтишича, Европа етакчилари энди Вашингтоннинг Киевга ёрдам кўламини оширишидан умидсиз, фақат «прагматик режалаштириш» билан чекланмоқда.

Financial Times нашрининг қайд этишича, Трампнинг Путин фикрларини очиқча такрорлаши Украина бўйича АҚШ позициясининг беқарорлигини ва Россиянинг талабларига мойиллигини кўрсатган.