«Навоийуран» кредит рейтинги янгиланиш арафасида

07:58 | 3 дақиқада ўқилади.

Дунёдаги етакчи рейтинг агентликларидан бири — S&P Global Ratings «Навоийуран» давлат корхонаси кредит рейтинги бўйича навбатдаги янгиланиш жараёнини бошлади.

Navoiyuran

Молиявий барқарорлик ва инвестицион жозибадорликни белгилайдиган муҳим кўрсаткичлардан бири — халқаро кредит рейтинги ҳисобланади. Бу рейтингни дунёдаги етакчи агентликлар — S&P Global Ratings ва Fitch Ratings белгилаб беради.

2024 йил ноябр ойида америкалик S&P Global Ratings агентлиги «Навоийуран» давлат корхонасига BB-/барқарор даражасида кредит рейтинги берган эди. Ортидан 2025 йил июл ойида Fitch Ratings ҳам корхона рейтингида ижобий янгиланиш киритиб, уни BB/барқарор даражасига кўтарди.

2025 йил 14 октябр куни S&P Global Ratings вакиллари корхонанинг йиллик баҳолаш жараёни доирасида Навоий вилоятидаги асосий ишлаб чиқариш майдонлари ва уран ишлаб чиқариш заводида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишдилар.

Ташриф доирасида «Навоийуран» раҳбарияти томонидан тақдимот ўтказилиб, 2025 йилнинг биринчи ярмидаги молиявий натижалар 2024 йил кўрсаткичлари билан таққослаб таҳлил этилди. Маълумотларга кўра, корхона ишлаб чиқариш ҳажмларида ва самарадорликда барқарор ўсишга эришган.

S&P агентлиги томонидан ноябр ойида ўтказиладиган янгиланган баҳолаш натижалари корхонанинг халқаро молия бозоридаги обрўсини янада мустаҳкамлайди. Рейтингни сақлаб қолиш ёки янада ошириш — «Навоийуран» учун янги инвестиция лойиҳаларини жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.