CNN Travel ўзбек нонларини дунёдаги энг сара 50 та нон қаторига қўшди

08:18 | 3 дақиқада ўқилади.

Машҳур CNN Travel sayti ўзбек нонларини нафақат мазаси, балки нафис дизайни ва анъанавий тандирда пиширилиши билан дунёдаги энг яхши 50 та нон тури қаторига киритди.

Ozbek noni

Сайёҳлар учун маълумот берувчи CNN Travel портали 19 октябр куни дунёдаги энг сара 50 та нон тури рўйхатини эълон қилди. Унда ўзбек нонлари нафақат мазаси, балки бадиий кўриниши ва анъанавий тайёрланиш усули билан алоҳида таъкидланган.

Нашрнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда нон нафақат таом сифатида, балки миллий санъатнинг бир кўриниши сифатида ҳам қадрланади. Тандирда ёпиладиган нонлар турли нақшлар, ўйма ва штамплар билан безатилади — бу эса ҳар бир нонни ўзига хос бадиий асарга айлантиради.

Нашр қайд этганидек, ўзбек нонлари минтақалар бўйича фарқ қилади: Тошкентдаги юмшоқ нонлар, Самарқанднинг қора седанали патирлари ва бошқа хил турлари юрт бой миллий анъаналарини акс эттиради.

Мақолада таъкидланишича, нонлар тандирдан чиқиши биланёқ велосипеддаги етказиб берувчилар томонидан бозор ва чойхоналарга иссиқ ҳолда олиб борилади. Бу эса ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва меҳнатсеварлиги рамзи сифатида кўрилган.

CNN Travel рўйхатига ўзбек нони билан бир қаторда Италиянинг фокаччияси, Франция багетлари, Гуржистоннинг хачапуриси, русларнинг каравайи ва Япониянинг мелонпани ҳам кирган.