Ўзбекистонлик ҳайдовчилар Россияда бир йилда 90 кундан ортиқ қололмаслиги эслатилди

12:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Миграция агентлиги Россияда халқаро юк ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчиларни миграция қоидаларига қатъий риоя этишга чақирди. Қоидаларни бузган фуқаролар депортация ва 10 йиллик кириш тақиқига дуч келиши мумкин.

Haydovchilar

Ўзбекистон Миграция агентлиги Россияда фаолият юритаётган ўзбекистонлик ҳайдовчилари ушбу мамлакат ҳудудида бир календар йилда 90 кундан ортиқ бўлолмаслигини эслатмоқда.

Маълумотларга кўра, 2025 йил ҳолатига кўра ўзбекистонлик ҳайдовчилар Россиядаги халқаро юк ташиш бозорининг қарийб чорак қисмини ташкил этмоқда. Бироқ қонун бузилиши сабабли кўплаб мигрантлар депортация қилиниб, кейинчалик кириш тақиқлари билан тўқнашмоқда.

Агентлик барча ҳайдовчиларни чегарадан ўтишда миграция картасини тўғри тўлдиришга чақирди. Унда сафар мақсади сифатида «хизмат» ёки «транзит» деб кўрсатилиши лозим. «Туризм» деб ёзиш ҳолатлари кўпинча қонунбузарликка олиб келмоқда.

Россияга киргандан сўнг фуқаролар 15 иш куни ичида миграция рўйхатига туриши шарт. Буни иш берувчи ёки қабул қилувчи ташкилот орқали амалга ошириш мумкин. Шунингдек, «90/365» қоидасига кўра, Россияда бир йил давомида 90 кундан ортиқ бўлиш тақиқланади.

Агентлик ҳайдовчиларга ҳар қандай хизмат фаолияти, юк ташиш ёки форс-мажор ҳолатларини расмий ҳужжатлар билан тасдиқлаб боришни тавсия этди. Бу транспорт воситаси бузилиб қолганда ёки кечикиш ҳолатларида ҳуқуқий муаммоларнинг олдини олади.

Қоидаларни бузган фуқароларга нисбатан Россия қонунчилигига мувофиқ 3 йилдан 10 йилгача кириш тақиқлари қўлланилиши мумкин. Агар фуқаро нотўғри рўйхатга киритилган бўлса, у апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, муаммога дуч келганлар Москвадаги Ўзбекистон Миграция агентлиги ваколатхонасига +7 925 045 4744 телефони орқали мурожаат қилиши мумкин.