15 октябр куни бўлиб ўтган йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев асосий эътиборни раҳбарлар ўртасидаги ҳалоллик ва масъулият масаласига қаратди. Унинг таъкидлашича, коррупция давлатга бўлган ишончни заифлаштиради ва жамият ривожига жиддий тўсиқ яратади.
«Қачон биз тўхтатамиз бу коррупцияни? Агар раҳбарлар ўз иши учун етарли маош олаётган бўлса, нега пора олади? Тепадан бошланса, пастгача кетаверади», — деди у йиғилишда.
Бобоевнинг фикрича, раҳбарлар ўзлари тўғри иш тутса, қуйи бўғиндаги ходимлар ҳам улардан намуна олади. «Агар тепадагилар ҳалол бўлса, пастдагилар ҳам шундай бўлади. Акс ҳолда, унинг чегараси йўқ», — деди у.
Ҳоким, шунингдек, аҳоли раҳбарларнинг ҳар бир ҳаракатидан хабардор эканини қайд этди: «Халқ кўриб турибди. Ким қандай қилиб уй қилган, ким қандай қилиб машина олган — ҳаммасини билади. Халқни алдай олмаймиз».
Йиғилишда туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа идоралар вакиллари иштирок этди. Коррупцияга қарши курашиш, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда унинг олдини олишга қаратилган чоралар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилишича, йиғилиш якунида профилактик тадбирларни кучайтириш, маҳаллаларда тарғибот ишларини фаоллаштириш ва ҳалол меҳнат тамойилларини мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар берилган.