Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябр куни реконструкция қилинган Шота Руставели кўчасини кўздан кечирди ва пойтахтда илк бор амалга оширилган BRT (Bus Rapid Transit) тизимини юқори баҳолади. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, шундай замонавий ва қулай жамоат транспорт тизимлари барпо этилса, одамлар шахсий машиналаридан фақат дам олиш кунларидагина фойдаланишга ўтади. Бу ҳақда Президенти Шота Руставели кўчаси билан танишган куни айтиб ўтди.
«Агар мана шундай йўллар қилсак, бу автобусларни қўйсак, одамлар фақат шанба, бозор кунлар ўзининг машинасида юради, арзон, хавфсиз, тез. Нима кераги бор машинаси? Машинаси шанба ва якшанба кунлари дам олишга олиб боради», , — деди президент.
Президент таъкидлаганидек, Руставели кўчасидаги янги тизим пойтахтнинг бошқа йирик кўчаларида ҳам жорий этилади. Лойиҳа нафақат тезюрар автобус йўлакларини, балки велосипед ва пиёда йўлакларини ҳам ўз ичига олади.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов давлат раҳбарига лойиҳа тафсилотларини тақдим этиб, кўча бўйлаб 14 мингдан ортиқ дарахт экилгани, дренаж тизими тўлиқ янгилангани ва автобуслар ҳаракат тезлиги икки баробарга ошганини маълум қилди.
Реконструкция доирасида Шота Руставели кўчасининг Мирободдан Чоштепагача бўлган қарийб 7 километр қисми янгиланди. Йўл 10 қатнов қисмидан иборат бўлиб, уларнинг иккитаси автобуслар учун махсус ажратилган. Қолган йўлаклар автомобиллар ҳаракати ва тўхташи учун мўлжалланган.
Умумий қиймати 19,2 миллион доллар бўлган лойиҳа натижасида йўловчилар оқими соатига 2,5 минг нафардан 6 минг нафаргача ошди. Йўлнинг ўтказувчанлиги эса суткасига 40 мингта автомобилга етди. Шунингдек, ўртача тезлик 23 км/соатдан 30 км/соатга кўтарилди.
BRT тизими доирасида 21 та янги автобус бекати қурилди, 463 та «ақлли» светофор ўрнатилди ва интеллектуал транспорт тизими жорий этилди. Йўл бўйида автомобиллар учун махсус тўхташ жойлари ҳам барпо этилган.