Хитой қайта тикланувчи энергия соҳасидаги етакчилигини яна бир бор исботлади. Тибет платосида жойлашган янги «Тalatan Solar Park» дунёдаги энг баланд ва энг катта қуёш фермаси бўлиб, унинг майдони Манҳэттен оролидан етти баробар катта. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар берди.
Лойиҳа 420 квадрат километрлик ҳудудни қамраб олган бўлиб, унда минглаб қуёш панеллари ва шамол турбиналари ўрнатилган. Улар биргаликда кундузи қуёшдан, кечаси эса шамолдан энергия ишлаб чиқаради. Шунингдек, энергия дарё бўйларига қурилган гидроэлектростанциялар орқали ҳам қўшимча равишда ишлаб чиқарилади.
Тибет платосида ишлаб чиқарилаётган энергия 1600 километрдан ортиқ масофадаги шаҳарлар ва саноат марказларига юқори кучланишли электр тармоқлари орқали етказилади. Бу тармоқлар 48 минг километрлик юқори тезликдаги темирйўл тизимини ҳам электр билан таъминлайди.
«Тalatan» лойиҳаси ҳозирда 16 930 мегаватт қувватга эга бўлиб, бу Чикаго шаҳридаги барча хонадонларни таъминлаш учун етарли. Яқин уч йил ичида қуёш фермасининг майдони яна 10 баробар кенгайтирилиши режалаштирилган. Яқин атрофдаги шамол электр станциялари 4700 мегаватт, гидроэлектростанциялар эса 7380 мегаватт қувват ишлаб чиқаради.
Бундай катта лойиҳаларнинг мақсади нафақат энергияни арзонлаштириш, балки Хитойни жаҳондаги асосий қайта тикланувчи энергия етказиб берувчи давлатга айлантиришдир. Хитой бу орқали нафақат экологик барқарорликни таъминламоқда, балки глобал энергия бозорида янги стандартларни ҳам ўрнатмоқда.