Ўзбекистон Президенти 2025 йилдаги хорижий сафарларини Бирлашган Араб Амирликларидан бошлади. 13 январ куни БААга расмий ташриф билан бориб, олий даражадаги музокаралар, мамлакатнинг етакчи ташкилотлари, компания ва банклари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. «Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги» халқаро саммитида иштирок этди; Дубай шаҳрида бўлиб, Амирликлар Вице-президенти, Бош вазири, Дубай Амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум билан учрашди.
Мирзиёев феврал ойининг 4-кунида расмий ташриф билан Малайзияга учиб кетди. Ўзбекистон-Малайзия бизнес форумида қатнашди, мамлакат бош вазири Анвар Иброҳим билан давлатлар ўртасидаги шерикликни инновацион ривожлантириш даврини бошлашга келишиб олдилар.
17 феврал санасида Кувайт амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳнинг таклифи билан шу мамлакатга расмий ташриф амалга оширилди. Олий даражадаги музокаралар, бир қатор ишбилармонлик ва маданият тадбирлари бўлиб ўтди.
Францияга давлат ташрифи 12-март куни бошланди. Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларацияни имзолашди. Умумий қиймати 6,5 миллиард евро бўлган кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи Инвестиция ва инновация соҳаларида ҳамкорлик дастури қабул қилинди. Ташриф доирасида давлат раҳбари ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан ҳам учрашиб, ташкилот Бош конференциясининг Самарқанд шаҳридаги 43-сессиясига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди.
29 март куни Ўзбекистон Президенти амалий ташриф билан Қозоғистонга йўл олди. Мамлакат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев ҳамроҳлигида “Медеу” тоғ-чанғи кластери фаолияти билан танишиб, рақамли ва сунъий интеллект технологиялари, икки мамлакат атоқли мусаввирларининг рангтасвир ва графика асарлари кўргазмаларини кўздан кечирди.
31 март куни навбатдаги амалий ташриф учун манзил Тожикистоннинг Хўжанд шаҳри бўлди. Бу ерда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентлари уч давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартномани имзолашди.
Шавкат Миромонович Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этиш учун 8 май куни Россияга учиб кетди.
19 май санасида Президент Венгрия бош вазири Виктор Орбан таклифи билан ушбу мамлакатга расмий ташриф ўтказди. Венгрия ишбилармонлари билан ҳамкорликка келишиб олинди, мамлакат Миллий мажлиси спикери Ласло Кёвер билан учрашувда парламентлараро йўналишда бирга ишлашни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.
Мирзиёев Будапештда ташрифини якунлагач, 21 май куни Словения Республикасига йўл олди. Мезбон давлат Президенти Наташа Пирц Мусар билан бирга қўшма бизнес форумида иштирок этди. Ушбу расмий ташриф икки мамлакат ўртасида сўнгги 20 йилда илк бор олий даражадаги тадбирларнинг ўтказилиши бўлиб, ўзаро муносабатларида янги босқичнинг бошланиши сифатида баҳоланди.
30-май куни эса Президент Марказий Осиё – Италия” саммити тадбирларида иштирок этиш учун Қозоғистонга учиб кетди.
Атиги 17 кундан сўнг Шавкат Мирзиёевнинг самолёти яна қўшни Қозоғистон сари йўл олди: Президентимиз “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммитида қатнашди. Ташриф давомида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Жинпинг билан ҳам музокара ўтказди.
Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг таклифига биноан 24 июнь куни мазкур мамлакатга давлат ташрифи амалга оширилди. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги босқичи сифатида кўрилган ташриф доирасида ишбилармон доиралар ва давлат идоралари вакиллари иштирокида қўшма бизнес форуми ўтказилди, Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон маҳсулотларининг шоурумига эга савдо уйи очилди.
Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни Минск шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомида иштирок этиш учун Беларус Республикасига амалий ташрифни амалга оширди.
2 июль куни эса Президент Илҳом Алиев таклифи билан Озарбайжонга давлат ташрифи ўтказилди. Президентлар “Ўзбекистон” боғига тамал тоши қўйишди, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси янги биносини тантанали равишда очиб беришди. Мирзиёев “Sea Breeze” курорт мажмуаси фаолияти билан танишди ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитининг маданий тадбирларида иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси тадбирларида иштирок этиш учун 4-5 август кунлари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлди.
Мазкур ой якунида давлат раҳбари тағин туркман юртига йўл олди. Бу галги амалий ташрифнинг мақсади «Аваза» миллий туризм зонасида бўлиб ўтадиган “Озарбайжон – Туркманистон – Ўзбекистон” форматидаги саммит тадбирларида иштирок этиш бўлди.
31 август – 1 сентябрь кунлари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Жинпинг таклифига биноан Шавкат Миромонович Тяньцзинь шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда иштирок этди. Шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда қатнашди.
20-24 сентябр кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси муносабати билан Америка Қўшма Штатларига амалий ташриф ўтказилди. Давлатимиз раҳбари Бош Ассамблея ялпи сессияси умумий мунозараларининг биринчи кунида нутқ сўзлади; ташриф доирасида БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш, Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён, Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн, Чехия Республикаси Президенти Петр Павел, Албания Президенти Байрам Бегай, шунингдек, ХВФ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга ва Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконджо-Ивеала билан ҳам музокаралар ўтказди. Ва албатта, Дональд Трамп билан учрашув ташрифнинг марказий воқеаси бўлди.
6 октябрь куни яна бир йирик халқаро тадбир – Туркий давлатлар ташкилотининг саммити муносабати билан навбатдаги ташриф манзили Озарбайжон бўлди.
9-10 октябрь кунлари эса Шавкат Мирзиёев Тожикистонда бўлиб, «Марказий Осиё – Россия» форматидаги иккинчи саммит ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Қолаверса, давлат раҳбарининг ўзи ҳам йилнинг ўтган қисми давомида Италия бош вазири Жоржия Мелони, Словакия бош вазири Роберт Фицо, Болгария президенти Румен Радев, Иордания қироли Абдулла II ибн ал-Ҳусайн, Туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳаммедов, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Нурлан Ермекбаев, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф каби юқори мартабали шахсларни мезбон сифатида қабул қилди.
Қизиқ жиҳат: ўтган ўн ой давомида Шавкат Мирзиёев Туркманистон, Озарбайжон ва Тожикистонга икки мартадан сафар қилди. Қозоқ бовурлар эса бу борада мутлақ етакчи – Қозоғистон Ўзбекистон раҳбарига нақ уч карра мезбонлик қилди.
Шу ўринда фойдали маълумот сифатида давлат ташрифи, расмий ташриф ва амалий ташрифнинг фарқларига тўхталиб ўтсак:
Давлат ташрифи давлат раҳбарининг энг олий даражадаги дипломатик ташрифи ҳисобланади. У фақат мезбон давлат раҳбари таклифи билан амалга оширилади ва икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш, стратегик шерикликни мустаҳкамлашни мақсад қилади. Ташриф энг юқори протокол даражасида ўтказилади, яъни аэропортда фахрий қоровул, давлат байроқлари, мадҳиялар, қизил йўлак, саломлашув маросими бўлади; давлат раҳбарлари ўртасидаги музокаралардан ташқари тантанали зиёфат ҳам ташкил этилади; одaтda 2–3 кун давом этади; ташриф доирасида давлатлараро шартномалар, декларациялар, стратегик ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланади; сиёсий жиҳатдан дўстлик ва ишонч белгиси сифатида қаралади, медиада кенг ёритилади.
Расмий ташриф давлат ташрифидан бир поғона паст ҳисобланади. Асосий мақсади — амалий сиёсий, иқтисодий ёки минтақавий масалаларни муҳокама қилиш ва келишувлар имзолашдир. Таклиф ҳукумат ёки давлат раҳбари томонидан берилиши мумкин; давлат зиёфати ўрнига расмий кечки овқат бўлиши мумкин; одатда 1–2 кун давом этади; имзоланадиган ҳужжатлар кўпроқ амалий аҳамиятга эга битимлар бўлади (иқтисодий, транспорт, маданият соҳаларида ва ҳ.к.); оммавий ахборот воситалари орқали ёритилади, лекин давлат ташрифи даражасида эмас.
Амалий (ишчи) ташриф – муайян масалаларни муҳокама қилиш, музокаралар ўтказиш ёки ҳужжатлар имзолаш каби амалий вазифалар учун уюштирилади. Протокол даражаси пастроқ бўлади — фахрий қоровул, тантанали маросимлар бўлмайди; ташриф муддати қисқа (1–2 кун, баъзан бир неча соат); мақсад – олдиндан аниқ белгиланган масала бўйича музокара ўтказиш, бирон тадбирда иштирок бўлиши мумкин; қабулда асосан ҳукумат аъзолари, вазирлар қатнашади.
Саодат Абдураҳмонова тайёрлади