Ташкилотлар ходимларининг солиқ қарзи 831,5 млрд сўмдан ошди

18:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда қарийб 750 минг ходимнинг ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарзи жами 831,5 миллиард сўмга етди.

Soliq

2025 йил 15 октябр ҳолатига кўра, мамлакат бўйича 173 мингдан ортиқ ташкилотнинг 747 минг нафар ходими 882 минг солиқ объекти бўйича тўланмаган ер ва мол-мулк солиғига эга. Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, умумий қарз миқдори 831,5 миллиард сўмни ташкил этган.

Soliq 2

Шундан 501,2 миллиард сўми ер солиғи, 330,3 миллиард сўми эса мол-мулк солиғи ҳиссасига тўғри келади. Қарздорликнинг 644,9 миллиард сўмлик қисми тижорат ташкилотлари ходимлари ҳисобига тўғри келса, бюджет ташкилотлари ходимларига тегишли қарз 150,8 миллиард, нодавлат-нотижорат ташкилотлари бўйича эса 35,8 миллиард сўмни ташкил қилган.

Соҳалар кесимида энг катта қарз саноат соҳасида қайд этилган. Бу ерда 20,8 минг ташкилотда меҳнат қилаётган 130 минг ходимнинг солиқ қарзи 140,7 миллиард сўмга етган. Кейинги ўринда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳаси – 138,6 миллиард сўм, ҳамда савдо соҳаси – 116 миллиард сўм билан қайд этилган.

Қурилиш соҳасидаги қарздорлик 90,3 миллиард, ташиш ва сақлаш соҳасида 30,6 миллиард, овқатланиш хизматлари соҳасида 28,5 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлардаги ходимлар қарзи 11,7 миллиард, ахборот ва алоқа соҳасида эса 8,7 миллиард сўмга етган.

Ходимлари энг кўп солиқ тўлаши керак бўлган ташкилотлар орасида «Темирйўл инфратузилмаси» АЖ — 4 миллиард, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ — 3,3 миллиард ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ — 3,3 миллиард сўм билан етакчилик қилмоқда.