2025 йил 23 май куни халқаро «S&P Global Ratings» агентлиги томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги «BB-» даражасида сақланиб қолди, бироқ унинг кутилмаси аввалги «барқарор»дан «ижобий»га кўтарилди. Бу мамлакат тарихида ушбу рейтинг бўйича биринчи бор қайд этилди.
«S&P» томонидан ушбу баҳонинг асосий омиллари сифатида 2017 йилдан буён олиб борилаётган иқтисодий либераллашув, макроиқтисодий сиёсатнинг такомиллашуви ва бошқарув сифатини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар алоҳида таъкидланган. Жорий йилнинг май ойида халқаро агентлик ва Ўзбекистоннинг иқтисодий идоралари ўртасида онлайн музокаралар ўтказилган.
Агентликнинг ҳисоботига кўра, 2025–2028 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўртача ўсиш суръати 5,6% атрофида бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, 2024 йилда YAIM 6,5% га ўсгани ва инвестициялар улуши 33% ни ташкил этгани қайд этилган. «Ўзбекистон–2030» стратегияси доирасида транспорт, энергетика, телекоммуникация ва қишлоқ хўжалиги секторига инвестициялар жалб қилинмоқда.
2023 йилда бошланган электр ва газ тарифлари ислоҳоти ҳам агентлик томонидан ижобий баҳоланган. Бу нафақат субсидияларнинг қисқариши, балки бюджет ва валюта захираларига ҳам ижобий таъсир кўрсатган. 2025 йил 1 май ҳолатига кўра, мамлакатнинг халқаро захиралари 49,3 млрд долларга етди — бу 15 ойлик импортни қоплашга кифоя.
«S&P» Ўзбекистон ҳукуматининг қонунчиликни мустаҳкамлаш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга интилишини, ҳамда бу омиллар орқали хусусий ва хорижий сармоя учун қулай муҳит яратилаётганини қайд этди. Агар ислоҳотлар изчил давом этса ва молиявий барқарорлик сақланса, агентлик келгусида Ўзбекистоннинг рейтинг баҳосини ошириш эҳтимолини билдирган.