Трамп 2030 йилгача 10 та янги ядровий реактор қуришни буюрди

16:00 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатда ядровий энергетикани ривожлантиришни устувор вазифа сифатида белгилади. У 2030 йилгача камида 10 та янги ядровий реактор қурилишини амалга ошириш бўйича фармон чиқарди.

Tramp

Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълум қилди. Ҳужжатга кўра, реакторлар мавжуд лойиҳалар асосида барпо этилади ва улар орқали электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 5 гигаватгача оширилади. Шунингдек, Трамп Энергетика вазирлигига Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда Пентагон эҳтиёжлари учун ёпилган атом электр станцияларини қайта ишга тушириш имкониятларини ўрганишни топширди.

Президент маъмурияти атом энергетикаси соҳасида фаол сиёсат олиб боришни мақсад қилган. Хусусан, ёпилган станцияларни қайта фаоллаштириш, ишлаб турган реакторларда ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва тўхтатилган қурилишларни якунлаш учун зарур ресурслар ажратиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Трамп Энергетика вазирлигига ядровий ёқилғи таъминот занжирини барқарорлаштириш, янги технологияларни ривожлантириш ва бу борада молиялаштиришни таъминлаш учун грантлар, кредитлар ва инвестицияларни фаол жалб этишни буюрди.

Мутахассислар фикрича, ушбу қарор АҚШнинг энергетика соҳасида мустақиллигини мустаҳкамлаш ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.