БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги (UNHCR) буни йилнинг энг йирик денгиз фожиаси деб атади.
UNHCR маълум қилишича, 2025 йил 9 ва 10 май кунлари Мянма соҳиллари яқинида икки кема ҳалокатга учраган. Биринчи кема 267 нафар роҳинжа қочқинлари билан чўкиб, фақат 66 киши тирик қолган. Иккинчи кема 247 нафар йўловчи билан чўкиб, фақат 21 киши омон қолган. Жами 400 нафардан ортиқ инсон ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда.
Бу қочқинлар Бангладешдаги Кокс-Базар лагерларидан ёки Мянманинг Ракхайн штатидаги зўравонликлардан қочганлар. Улар хавфли денгиз йўллари орқали бошқа мамлакатларга етиб боришга уринган.
UNHCRнинг Осиё ва Тинч океани бўйича минтақавий бюроси директори Хай Кюнг Жуннинг таъкидлашича, гуманитар ёрдамнинг қисқариши ва оғир шароитлар роҳинжаларни хавфли сафарларга мажбур қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу фожиа роҳинжаларнинг муаммоларини ҳал этиш учун халқаро ҳамжамиятнинг биргаликдаги ҳаракатларини талаб қилади.
2024 йилда минтақадаги денгизларда 657 нафар роҳинжа ҳалок бўлган ёки бедарак кетган. Бу йилдаги фожиа эса уларнинг сонини янада ошириши мумкин.
БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари халқаро ҳамжамиятни роҳинжаларга кўпроқ ёрдам кўрсатишга чақирмоқда. Улар ушбу қочқинларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларга муносиб ҳаёт шароитларини яратиш учун биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидламоқда.
Роҳинжалар Мянманинг ғарбий қисмидаги Ракхайн штатида асрлар давомида яшаб келган мусулмон этник гуруҳ ҳисобланади. Улар тил ва маданият жиҳатидан бангладешлик бенгалларга яқин. Бироқ Мьянма ҳукумати уларни маҳаллий аҳоли сифатида тан олмайди ва фуқаролик бермайди. Шу сабабли, улар расман фуқаролиги йўқ гуруҳ саналади.
Мянмада роҳинжаларга нисбатан йиллар давомида турли чекловлар қўйилган: эркин ҳаракатланиш, тиббий ёрдам олиш, таълим ва ишлаш ҳуқуқлари чегараланган. 2017 йилда Мянма армияси томонидан уларга қарши оммавий зўравонлик ва қирғинлар содир этилган, буни БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари «этник тозалаш» деб баҳолаган. Шу воқеалар натижасида 700 мингдан зиёд роҳинжа Бангладешга қочишга мажбур бўлган.