Ўзбекистонда янги автомобиллар учун импорт божи тартиби янгиланди

19:11 | 2 дақиқада ўқилади.

Президент қарори билан янги автомобиллар ва уларнинг қисмлари учун божхона тўловлари тартибига ўзгариш киритилди. Бу Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш ва тартибни шаффофлаштиришни мақсад қилади.

New auto

Ўзбекистонда ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН) кодлари қайта кўриб чиқилиб, янги импорт божхона боҷи ставкалари жорий этилди. Ушбу ўзгаришлар Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) талабларига мослаштириш ва миллий бозорда шаффофликни таъминлашга қаратилган.

Ташқи иқтисодий фаолият кодлари Жаҳон божхона ташкилоти қоидалари асосида юритилади. 2027 йилдан ТИФ ТН Ягона тариф тизими асосида кодлаштирилади ва бозордаги товарлар шу асосда классификация қилинади.

Божхона қўмитаси маълумотига кўра, автотранспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлар учун қўлланадиган 87-группа кодлари қайта шакллантирилди. Бундан буён 3 йилгача ишлаб чиқарилган янги автомобиллар икки тоифа бўйича импорт божига тортилади: 1 йилгача ва 3 йилгача ишлаб чиқарилган машиналар учун алоҳида тарифлар белгиланади.

Автомобил эҳтиёт қисмлари учун ҳам янги тартиб жорий этилди. Янгиси учун 5 фоиз, аввал фойдаланилгани учун эса 15 фоизлик импорт божи ставкалари белгиланди. Ҳозирча улар ягона кодда таснифлангани боис, қисмларнинг янги ёки эскилиги аниқ белгиланмаган. Шу боис 3 ой муддатда аниқловчи мезонларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланиши режалаштирилган.

Бу ўзгаришлар импорт жараёнидаги иккиёқламалик ва ноаниқликларни бартараф этиш ҳамда савдо муносабатларини тартибга солишга хизмат қилиши кутилмоқда.