Ўзбекистондаги икки йирик тўлов тизими — Humo ва Payme раҳбариятида муҳим кадрлар ўзгариши амалга оширилди. Бу ҳақда расмий маълумотлар ва очиқ манбалардаги маълумотлар орқали хабар берилди.
Humo тўлов тизими Бошқарув раиси Алексей Максимов ўз лавозимидан озод қилинди. У ушбу вазифага 2024 йил март ойида тайинланган эди, Paynet компанияси Humo’ни сотиб олганидан сўнг раҳбарликка келган.
Максимовнинг ўрнига ҳозирча вақтинча Мақсаджон Муҳитдинов тайинланди. У аввалроқ Humo Бошқарув раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Ушбу тайинлов билан Humo’даги трансформация жараёнлари янги босқичга кирди.
Бундан ташқари, Humo’нинг собиқ раҳбари Шуҳрат Қурбонов компаниянинг Кузатув кенгашидан ҳам чиқарилди. Унинг ўрнига Paynet бош директори Анвар Исамуҳаммедов Кузатув кенгаши аъзоси этиб киритилди. Бу ўзгаришлар Paynet’нинг Humo устидаги назоратини янада мустаҳкамлашини кўрсатмоқда.
Payme компаниясида ҳам муҳим ўзгариш кузатилди. Янги бош директор этиб Станислав Сквирский тайинланди. Унинг келиши Payme’нинг келгусидаги стратегик ривожланиш режалари билан боғлиқ деб баҳоланмоқда.
Шунингдек, Payme компанияси яқинда ўз устав капиталини 10 миллиард сўмга ошириб, 20 миллиард сўмга етказди. Бу эса компаниянинг молиявий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва янги маҳсулотлар ишлаб чиқишга йўналтирилиши мумкин.